Сўнгги бир ярим кун ичида Қуёшда 35 та чақнаш содир бўлди. Олимлар 7 ноябрь куни охиригача уларнинг сони 40 тага етиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Central Asia хабарига кўра, бу ҳақда Россия Фанлар академияси Космик тадқиқотлар институтининг Қуёш астрономияси лабораторияси маълум қилган.
Лаборатория маълумотларига кўра, 6 ноябрь куни 24 соат давомида С синфига мансуб 18 та чақнаш кузатилган. 7 ноябрнинг дастлабки 12 соатида эса яна 17 та шундай ҳодиса қайд этилган.
Олимлар ҳафта ўрталаридан бошлаб Қуёш фаоллиги аста-секин кучайганини, жума куни эса бу жараён кескин тезлашганини билдирган.
Чақнашларнинг аксарияти Қуёш дискининг деярли марказида жойлашган йирик қуёш доғлари гуруҳида содир бўлмоқда. Мутахассислар фикрича, ушбу ҳудудда тўпланган энергия ҳозир атмосферага фаол чиқарилмоқда. Бу эса ўртача кучдаги чақнашлар сони ортишига сабаб бўлмоқда.
Лаборатория мутахассислари бундай жараённи Ер учун нисбатан қулай деб баҳоламоқда. Уларнинг таъкидлашича, акс ҳолда энергия тўпланиб, кам учрайдиган, аммо жуда кучли чақнашларга олиб келиши мумкин.
Шу билан бирга, Қуёш фаоллигининг ошиши Ер магнитосфераси беқарор ҳолатда бўлган даврга тўғри келмоқда. 7 ноябрь кечаси магнитосфера йирик коронал тешик ҳудудига кирган. Ҳозирча магнит бўронлари бошланмаган, бироқ олимлар кучли Қуёш чақнашлари магнит майдонида кескин реакция келтириб чиқариши ва натижада кучли магнит бўронлари юзага келиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.
Жорий Қуёш циклида бир суткада қайд этилган чақнашлар сони бўйича аввалги рекорд 2024 йил 10 декабрда ўрнатилган — ўшанда 29 та ҳодиса кузатилган. 2026 йил 19 августда эса 19 та чақнаш қайд этилган.