Эрон Ҳурмуз бўғозини яна ёпгани ва АҚШ билан музокараларни вақтинча тўхтатгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Германиянинг Bild нашрининг Эрон ОАВларига таяниб ёзишича, бу қарорга Исроилнинг Ливан ҳудудига берган зарбалари сабаб бўлган.
Хабарда айтилишича, Ҳурмуз бўғози яқинида огоҳлантирувчи ўқ узиш ҳолатлари қайд этилган. Шунингдек, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (КСИР) радиотўлқинлар орқали кемаларни бўғозга яқинлашмасликка чақирган.
Айни пайтда мазкур маълумотлар расмий манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ.
Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан ўзаро англашув меморандуми тасдиқланганини маълум қилган эди. АҚШ ва Эрон оммавий ахборот воситалари томонлар ҳужжатни электрон шаклда имзолаганини хабар қилган.
Меморандум шартларига кўра, Теҳрон 60 кун давомида Ҳурмуз бўғози орқали ўтувчи кемалардан тўлов олмаслиги керак эди.