АҚШнинг Техас штатида “Берил” тўфони оқибатида 2,7 миллион хонадон электр тармоғидан узилиб қолди. Бу ҳақда Reuters нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, 8 июль куни Техас штатининг жануби-шарқида шиддатли шамол ва кучли ёғингарчилик кузатилган. Йирик магистралларни сув босган, нефть ташиладиган портлар фаолиятини тўхтатган.
Тўфон оқибатида ҳозирга қадар 3 киши ҳалок бўлган. 1300 дан ортиқ рейслар бекор қилинган. 2,7 миллиондан ортиқ хонадон электр ва сув тармоғидан узилиб қолган.
Техас штати бўйлаб фуқароларга 2500 дан ортиқ биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Ўта хавфли ҳудудлардан фуқаролар кўчирилган. Тўфон яқинлашган ҳудудларда аҳолидан ўзбошимчалик билан уйларидан чиқиб кетмаслик сўралган.