Ижтимоий тармоқларда “Жасжан” номи номи билан машҳур блогер Ж.Ш. томонидан олинган Тошкент туманида ҳаёт учун хавфли ҳолат акс этган видео тарқалди. Бу видео ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кескин эътирозларига сабаб бўлди.
Мазкур ҳолат Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўрганилди. Натижада Ж.Ш. атроф-муҳитни ифлослантириб, белгиланмаган жойга чиқинди ташлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликни қасддан, жамоавий содир этгани маълум бўлди.
Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 91-моддаси 1-қисми билан баённома расмийлаштирилди. Ҳуқуқбузар базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари — 1 миллион 875 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.
Таъкидлаш жоизки, Ж.Ш. томонидан бундай ҳуқуқбузарлик аввал ҳам содир этилган. Ҳозирда ички ишлар органлари томонидан ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилмоқда ва қатъий чоралар кўрилади. Шунингдек, ҳуқуқбузарнинг ҳамроҳлари шахсига аниқлик киритилмоқда ва уларга ҳам қонуний чора кўрилиши таъминланади.
Маълумот учун, 2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилинган. Бу эса атроф-муҳитни муҳофаза қилиш энг муҳим масалалардан бири эканлигини англатади. Бу борадаги ҳар қандай ҳуқуқбузарлик қатъий жавобгарликка сабаб бўлади.