Айни дақиқаларда АҚШнинг Невада штати Лас-Вегас шаҳрида профессионал бокс турнири давом этмоқда.
Ҳозиргина оқшомнинг co main-event жанги якунланди. Унда иккинчи ўрта вазн тоифасидаги профессионал боксчимиз Бектемир Мелиқўзиев (15-1, 10 КО) америкалик Дэвид Стивенс (14-2, 10 КО)га қарши чемпионлик камари учун саралаш жангини ўтказди.
Ўн икки раунд тўлиқ давом этган муросасиз жангда Мелиқўзиев ҳакамларнинг айри қарори билан очколар (118-110, 117-111, 112-116) ҳисобига кўра ғалаба қозонди. Ҳакамлардан икки нафари ҳамюртимизга, яна бири америкалик боксчига ғалабани тақдим этган.
Шу тариқа, Бектемир Мелиқўзиев иккинчи ўрта вазн тоифасида WBA чемпионлик камари учун расмий ва мажбурий даъвогарга айланди.
Жангдан олдин ҳар иккала боксчи ҳам бир хил кўрсаткичга эга эди. Яъни, 14 тадан ғалаба ва 1 та мағлубият. Бугун Бектемир фаолиятидаги 15-ғалабасини қўлга киритди. Стивенс эса аксинча иккинчи мағлубиятини қабул қилиб олди. Мелиқўзиевнинг бурчагида ака-ука Диаслар билан бирга яна бир боксчимиз Ботир Аҳмедовни ҳам кўриш мумкин эди.