Тошкент вилояти Бекобод шаҳри ички ишлар бўлими биносида 43 ёшли Дилмурод Юсупвалиев ходимларнинг куч ишлатиши оқибатида вафот этган бўлиши мумкин. Расмийлар аввалига унинг ҳушини йўқотгани ва шифохонага олиб борилганида вафот этгани аниқлангани ҳақида маълумот берганди. Бир неча кун ўтиб, Бош прокуратура иш юзасидан бир нафар ИИБ ходими қамоққа олинганини билдирди.
«Газета.uz» журналисти Миролим Исажонов Бекобод туманида бўлиб, марҳумнинг яқинлари, жумладан, унинг акаси ва онаси билан суҳбатлашди. Қуйида видеоинтервьюни матн шаклида ҳавола этамиз.
— Тошкент вилояти ИИББ берган маълумотга кўра, сиз ва марҳум укангиз жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳри судида жанжал кўтарган экансиз. У қандай суд мажлиси эди ва сизлар нима сабабдан жанжал кўтаргансиз?
— 2021 йилда укам Ҳусан Юсупвалиев таниши Аббос Ачилов деган шахсга 29 млн сўмлик цементни қарзга берган. Аббос қарзини узмай, анча вақт чўзиб юрган ва улар орасида низо келиб чиққан. Маълум муддат ўтиб, Аббос бир гуруҳ йигитлар билан укаларим — Ҳусан ва Бунёд ишлаётган дўконга бориб, Ҳусанни «онамни сўкдинг», дея урган. Уларни ажратмоқчи бўлган Бунёдни эса бир гуруҳ йигитлар ўртага олиб, қўлидаги темирлар билан дўппослаган. Оқибатда Бунёднинг елка суяги, еттита қовурғаси синган. Ҳусанга ҳам темирлар билан жароҳат етказишган. Воқеа шаҳар бозорига яқин жойда бўлгани учун ўша атрофдаги аҳоли уларни ажратиб, ички ишлар [ходимлари]ни чақирган.
Орадан ярим соат ўтиб, Аббос ИИБда ишлайдиган қариндоши билан шифохонага борган ва икки киши кўзимга пичоқ тиқиб олди, деган. Шифохонадагилар ички ишлар бўлимига хабар бергач, ИИБ ходимлари билан воқеа юз берган жойга бордик. Ҳолат дўкондаги камераларга ёзиб олинган экан. Видеоёзувни кўрганимизда укаларим — Ҳусан ва Бунёднинг қўлида нафақат пичоқ, балки ҳеч қандай тиғли қурол йўқлиги маълум бўлди. Аммо ички ишлар ходимларидан иборат гуруҳ воқеа иштирокчиларини ўша куни ушлаб, қўлга олмади. Бир неча кун ичида жиноий гуруҳдаги йигитларнинг ота-оналари, яқинлари бизникига келиб, ўғиллари [хато иш қилиб қўйганини] айтгач, укаларим ўзимиз келишиб, гаплашиб оламиз, дея даъвомиз йўқ, дейишган. Терговга чақиришганида ҳам, иккиси даъвом йўқ, деб ёзиб берган, уларнинг хатоси шу бўлган.
Лекин Аббос ИИБга қайта ариза билан мурожаат қилиб, бошқа кўрсатма берган. У биринчи кўрсатмасида «ерга йиқилиб тушганимда кўзимга нимадир кириб кетган», дея кўрсатма берган, кейингисида эса «Ҳусан кўзимга мушт туширгач, кўзим чиқиб кетди», деган мазмунда кўрсатма ёзган. Укам ҳақиқатан уни мушт билан урган экан. Шундан кейин Ҳусан ва Аббоснинг тўрт нафар шериги эҳтиёж чораси сифатида қамоққа олинди. Сўнгра суд жараёни бошланди. Суд анча вақт давом этди. Ҳукмга кўра, қуролланиб, дўконга бостириб келган гуруҳдаги йигитларга уй қамоғи, қарз бериб, калтак еган Ҳусанга эса 5 йилу 1 ой қамоқ жазоси тайинланди. Биз ҳукм бўйича апелляция шикояти киритдик. Кўзим кўр бўлиб қолди, деган Аббос Ачиловнинг кўзини операция қилган Тошкентдаги врач судга чақиртирилди. Шифокор судда «Аббоснинг кўзига мушт ён тарафдан урилган ва оқибатда кўр бўлиб қолмайди, кўзга тўғридан мушт тушганда ҳам кўр бўлмайди, чунки бурун ва қош соҳалар кўзни тўсиб қолади», дея фикрларини билдирди. Аммо суд врачнинг гапларига ҳам эътибор бермай, ҳукмни ўзгартиришсиз қолдирди.
Дилшод Юсупвалиев, марҳумнинг акаси.
Суд ҳукмидан норози бўлиб, кассация тартибида Олий судга мурожаат қилдик. Олий суд томонидан иш ҳужжатлари ўрганилди. Биринчи тергов вақтида жиноий гуруҳ йигитларининг қўлидаги темирлар айблов хулосасига киритилмаган, яъни темирлар ашёвий далил сифатида олинмагани маълум бўлди. Аббос Ачиловнинг кўзи ҳақиқатан ҳам воқеа жойида кўр бўлганми ёки йўқми, бу ҳақда гувоҳлардан ҳам сўралмагани, жанжал рўй берган жойда кўзидан қон оққан бўлса, қон доғлари далил сифатида олинмагани ва ўрганилмагани ойдинлашди. Шундан сўнг Олий суд ишни иккинчи апелляцияга қайтариб юборди. Бироқ бундан кейин ҳам сезиларли ижобий ишлар бўлгани йўқ, яъни воқеа бўйича қайта тергов ишлари чуқур амалга оширилмади, ишни аввал тергов қилган вилоят терговчиларининг икки нафарига нисбатан хизмат текширувчи ўтказилмади. Хуллас, адолат излаб, уч йилдан бери судма-суд сарсон юрибмиз.
Укам Ҳусан 2 йилу 1 ой давомида Зангиотадаги «Тоштурма»да жазо муддатини ўтади. 2023 йил 28 ноябрда вилоят суди унга нисбатан эҳтиёж чорасини ўзгартириб, очиқликка чиқарди. 2024 йилдан яна суд жараёни бошланди. 19 июнь куни Бекобод шаҳри судида бўлган суд мажлиси охиргиси эди. Ўша куни судья ҳукм чиқарди: уч йилдан бери озодликдан маҳрум этиш жазосини олмаган гуруҳ аъзоларига кам муддатли қамоқ жазоси берилди, укам Ҳусан эса 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. Дадам ўрнидан туриб, суд ҳукмига нисбатан норозилик билдирди, нима сабабдан 7 йилга қамоқ жазоси берилгани сабабини сўради. Ички ишлар ходими отамнинг қўлидан ушлаб, «ўтир», дея сенсиради. Буни кўрган марҳум укам Дилмуроднинг жаҳли чиқди ва ўрнидан туриб, «Нега ўзингдан катта одамни сенсираяпсан?» деди. Укамга икки нафар ИИБ ходими ёпишди. «Қўлини қўйиб юбор», дедим. Судья бир неча марта «олиб кет, йўқот буларни», деди. Шу гапдан кейин ички ишлар ходимларига «дух» кирди. Бизни суд мажлиси бўлаётган залнинг ёнидаги хонага олиб киришди. Укамга 4 нафар ИИБ ходими ёпишди, бир ходим қўлини қайириб, «мазангни қочираман», деди. «Маза қочирадиган бўлсанг, устингдаги формангни ечиб, бирор жойга чақирсанг, бораман», — дея жавоб қайтарди укам.
— Расмий хабарга кўра, укангиз ИИБ биносига кириш йўлагида соғлиғи ёмонлашиб, ҳушини йўқотган. Ҳақиқатан шундайми, у бирдан ҳушини йўқотдими? Вазият ҳақида батафсил айтиб берсангиз.
— Кўчанинг бу тарафи Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳри суди бўлса, нариги томонида ИИБ биноси жойлашган, орадаги масофа тахминан 150 метр чиқади. Кўчага чиқишимиз билан 5 нафар ИИБ ходими укамнинг қўлини қайириб, ички ишлар биносига олиб кирди, орқасидан мен кирдим. Дарвозадан ўтишим билан 3 ходим менинг ҳам қўлимдан қайириб, олиб кириб кетди. «Нулёвка» деган хонада битта ходим укамнинг қўлларини қайириб турди, иккитаси қорнига тепди, яна биттаси дубинка билан урди. Укам қорнини ушлаган ҳолда ерга йиқилди ва менга «тез ёрдам чақир, мазам қочяпти», деди. Ўша вақтда ходимлар мени ҳам урди ва ерга йиқилдим. «Тез ёрдам чақир, укамнинг мазаси қочяпти», дейишим билан битта ходим қулоғимга кетма-кет урди. Беш-олти ходим укамни кўз олдимда яна тепди.
— Бирорта ички ишлар ходими ажратмадими?
— Умуман ажратгани йўқ. Ўша ерда 8 нафар ички ишлар ходими бор эди. Учтаси мени урган бўлса, қолгани укамни урди, ҳаммаси ёш йигитлар экан. Улар тез ёрдам чақириш ўрнига укамни «нулёвка» хонасининг эшиги олдида яна урди. Навбатчи ходимга ҳам тез ёрдам чақиришини айтдим, аммо чақиргани йўқ, ҳаммаси томошабиндек қараб турди. Ходимлар бизни 7−10 минут давомида уришди.
Ўзимнинг телефоним судда қолиб кетган экан. Кўчага югуриб чиқдим, тез ёрдам чақиринглар, деб бақираверганимдан кейин «начальник» милицияси чиқди. Телефонимни олиб, кўчада турган амаким ва танишларга бериб, тез ёрдамга қўнғироқ қилиб, чақиришларини айтдим. Ўша пайтда яна иккита ходим мени ичкарига олиб кириб кетди. Мен кўчага чиққанимда ичкарида қолган укамнинг жони узилиб бўлган экан. Улар пульсини ўлчаб, юраги урмаётганини билишган экан, бизни олиб келган ходимлар йўқ экан кирсам, ҳаммаси қаергадир кетиб қолган, бирортаси йўқ. Бир ходим эса тушунтириш хати ёзиб беринг, деб юрибди ортимдан.
Сардор деган терговчи йигит билан укамнинг пульсини ўлчаб кўрдик. Сунъий нафас бериб, юрагини массаж қилдим. Чиқиб кетаётганимда укамнинг танасининг бир қисми калтакланган хонада бўлса, бир қисми коридорга чиқиб турганди. Мен келганимда коридорга чиқариб, узала ётқизиб қўйишган экан. Кўкариб, танаси совиб қолганди. Тили кетиб қолмаганмикан, деб оғзини ҳам очиб кўрдим, тили жойида экан. Ўша ерда бақириб юрсам, «начальник» милицияси менга: «Шантаж қилманг, бу ерда ким уради, ҳамма жойда камера-ку?» — деди. Бу нима, деб қулоғимга урган жойини кўрсатдим, кийимлари оёқ изи бўлиб кетганди. Шунча гапдан кейин, ярим соат вақт ўтиб, тез ёрдам чақиришди. Ҳушсиз ётган ҳолида навбатчи милиция келиб, сув бериб кўринг, биз берсак, ичмаяпти, дейди.
ИИБ ходимлари укамнинг камаридан, мен оёқларидан ушлаб, [ички ишларнинг] хизмат машинасига ортдик ва улар олиб кетишди. Чунки тез ёрдамга кеч қўнғироқ қилишгани учун тез ёрдам келмади. Мен ҳам бораман десам, олиб қолиб, тушунтириш хати ёзиб берасиз, дейишди. Кўчадаги танишларга укамни касалхонага олиб кетишганини бақириб айтдим. Қайси касалхонада эканини билиб беринглар, дедим ички ишлардагиларга, билиб беришмади. Мени ўша ерда 3 соат ушлаб туришди, нимага ушлаб ўтирганини билмайман. [ИИБ ходимлари] бизга ваҳшийларча муносабат қилди. [Дадам, марҳум укам] жиноятчи эмас эди-ку, суд қарорига норозилик билдиришган эди, холос. Укамни уриб, тепиб, хаётига нуқта қўйишди.
— Укангизнинг таъзиясига ички ишлар ходимлари ҳам келгани ҳақида эшитдик. Қанча ходим қатнашди?
— Аниқ сонини билмайман, тахминан 8−10 нафар ходим келди. Лекин атрофдаги кўчалар ИИБ ходимлари билан тўлди. «Тўполон кўтаришмасин, жанжал қилишмасин», деган мақсадда ички ишлар ходимларини олиб келиб қўйишди.
— Тушунишимча, қарзга берилган цемент ортидан оилангизга шунча муаммо туғилди, шундайми?
— Ҳа. Марҳум укам Дилмурод ёшлигидан спорт билан шуғулланган, бақувват йигит эди, мусобақаларда қатнашарди. Тўрт нафар вояга етмаган ўғил-қизлари бор эди, кенжа ўғил фарзанди бир ёшга ҳам тўлмаганди. Бир, икки йилдан кейин қизини турмушга узатмоқчи эди. Ҳозир тўрт фарзанд отасиз қолди. Ҳусан исмли укам эса қамоқда, юқорида айтганимдек, унинг иши бўйича судма-суд адолат излаб юрибмиз. Ҳусанни 1 ва 3 ёшли фарзандлари бор. Бунёд исмли укам эса ногирон бўлиб қолди. Ўзим ҳам кўп зарар кўрдим: қулоғимга урганда контузия бўлган эканман, қулоқ пардам йиртилибди. Елкаларимда кўкарган жароҳатлар бор, бир неча кунда йўқ бўлиб кетса ҳам керак. Цемент ортидан оиламизга кетма-кет шунча муаммо пайдо бўлди.
— Сизлар марҳумнинг яқинлари сифатида нима истайсизлар?
— Президентимиз айтган адолатни 3 йилдан бери излаб юрибмиз. Бизга адолатли қарор керак. Қамоқдаги укамнинг иши бўйича ҳужжатлар қайта ўрганилса, ҳақиқат юзага чиқади. Президент админстрацияси, ДХХ раиси шу ишни назоратга олиб, ёрдам беришларини сўраймиз.
Бизни урган ходимларнинг барчасининг исм-фамилияси, яшаш манзилигача маълумот бор. Нега уларни ички ишлар кўчага қўйиб юборганига, улар эркин юришганига ҳайронман. Биз ҳозир уларни нимадир қилишимиз керакми? Ички ишлар ахборот хизмати йўлда ўлиб қолган, ИИБ ходимлари урмаган, деган маълумот тарқатяпти. Укамнинг ўша хонада жони узилганининг расмлари, видео- ва аудиоёзувлари турибди менда. Марҳум укам ва мени урган саккиз нафар ИИБ ходимининг барчасига чора кўрилишини талаб қиламан. Биттасига чора кўриб, қолганини яширишларини хоҳламайман. Биринчи навбатда, Бекобод шаҳри ИИБ бошлиғига чора кўришларини сўрайман.