Мобил алоқа оператори Рақобат қўмитаси белгилаган талабларни амалга оширди.
Рақобат қўмитаси июн ойи бошида «UNITEL» МЧЖ (Beeline)га тариф шартларини қайта кўриб чиқиш ва истеъмолчилар учун камситувчи ҳолатларни бартараф этиш бўйича кўрсатма берган эди.
Қўмитага келиб тушган мурожаатлар таҳлилида кўплаб тарифларда ойлик абонент тўловини ечиш имкони бўлмаганда автоматик равишда кунлик тўловга ўтиш хизматини ўчириш ёки фаоллаштириш имконияти мавжуд эмаслиги аниқланган. Бу эса абонентларнинг хабардорлигисиз ортиқча маблағ йўқотиши ва норозиликларга сабаб бўлган.
Қўмита кўрсатмасида (https://t.me/RaqobatGovUz/10841)н сўнг компания «Кунлик абонент тўлови режимига ўтиш» хизматини бошқариш имкониятини жорий қилди. Бу ҳақда расмий сайт орқали маълумот берилиб, мавжуд тарифлардаги барча абонентларга SMS хабарнома юборилган. Хабарномада хизматни бошқариш тартиби тўлиқ тушунтирилган.
Эндиликда абонентлар кунлик абонент тўлови ечиш хизматини қуйидаги йўллар орқали фаоллаштириши ёки ўчириши мумкин:
— USSD код орқали;
— Hаmbi мобил иловаси орқали;
— Компаниянинг алоқа марказига қўнғироқ қилиш орқали;
— Beeline савдо офисларига мурожаат қилиш орқали.
Қўмита аввал Ucell ва Mobiuz операторларига ҳам шундай кўрсатмалар берган ва уларнинг ижроси ҳақида маълумот берган. Ташкилот телекоммуникация соҳасида истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича назорат ва амалий чора-тадбирларни давом эттиришини билдирди.