Хабар берилишича, Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятига қарашли Спин-Болдак чегара шаҳри ҳудудида тахминан тўрт соатлик жанглар юз берган. Қандаҳор шаҳридаги BBC манбасининг айтишича, маҳаллий касалхонага тўрт нафар ҳалок бўлганларнинг жасадлари олиб келинган. Покистон томони эса уч киши яраланганини билдирмоқда.
"Тун давомида Спин-Болдакдан қочқинлар оқими келган. Қўшни аҳоли пунктларининг аҳолиси ҳам ҳудудни тарк этмоқда", — дейди нашр манбаларидан бири.
Сўнгги ойлар давомида икки мамлакат ўртасида бир неча бор қуролли тўқнашувлар юз берган, “Толибон” Покистонни Афғонистон ҳудудига ҳаво зарбалари йўллаганликда айблаган. Покистон эса “Толибон”ни Покистонда ҳужумлар уюштираётган террорчи гуруҳларга бошпана берганлигини таъкидламоқда. “Толибон” ҳукумати Покистон ўзининг “хавфсизлик тизимидаги хатолари учун бошқаларга айб қўяётганини” айтган. Ҳозир иккала томон ҳам бир-бирини Қатар ва Туркия воситачилигида икки ой аввал ўрнатилган ўт очишни тўхтатиш режимини бузганликда айбламоқда.
Покистон бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг вакили Мушарраф Заиди “Толибон”ни “сабабсиз ўқ узиш”да айблаган, “Толибон” вакили эса Покистон “яна ҳужумларни бошлаб юборганини”, улар эса жавоб қайтаришга мажбур бўлганини билдирган.
Ўтган ҳафта икки томон делегациялари тинчлик келишувини муҳокама қилиш бўйича тўртинчи раунд музокаралар учун Саудия Арабистонида учрашган, бироқ келишувга эришилмаганди.