АҚШ президенти Жо Байден президентлик сайловларида ғалаба қозонган Доналд Трампга ваколатлар алмашинуви муаммосиз ўтишини ваъда қилди. Уларнинг учрашуви 13 ноябр, чоршанба куни Вашингтондаги Оқ уйда бўлиб ўтди. 81 ёшли демократ ва 78 ёшли республикачи Овал кабинетнинг ёниб турган камини олдида қўл бериб кўришди. «Сиёсат — оғир бизнес ва кўп ҳолларда бу ёқимли дунё эмас. Лекин бугун бу ажойиб дунё ва мен буни жуда қадрлайман», деди Трамп учрашувдан сўнг журналистларга.
Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пернинг сўзларига кўра, сиёсатчилар ўртасидаги суҳбат тахминан икки соат давом этган. «Улар мамлакат ва дунё олдида турган муҳим миллий хавфсизлик ва ички сиёсат масалаларини муҳокама қилишди», деди у матбуотга.