21-июн куни Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди АҚШга сўнгги 9 йилда илк бор давлат ташрифи билан боради. Моди Президент Байден билан технологиялар ва ишлаб чиқаришни оширишга қаратилган ҳаракатларини кучайтириш хусусида гаплашади.
Масалан, Американинг “General Electric” компанияси Ҳиндистон армияси учун двигателлар ишлаб чиқармоқчи, бу борада музокаралар давом этмоқда.
АҚШ ва Ҳиндистон Хитойнинг глобал технологик манзарага таъсирига қарши туриш мақсадида мудофаа, тоза энергия, фазони тадқиқ қилишга қаратилган стратегик технология бобида шериклик қилмоқда. Оқ уйнинг билдиришича, икки раҳбар шу мавзуда ҳам гаплашади.
Тўққиз йил олдин “Ҳиндистонда ишланган” ташаббусини олға сурган Моди мамлакатини технологиялар ва ишлаб чиқариш бўйича глобал марказга айлантиришда жиддий ютуқларга эриша олгани йўқ.
Вашингтонлик таҳлилчи Риcк Россоунинг айтишича, тараққиётга асосан инфратузилманинг заифлиги ва Ҳиндистон штатларида компанияларга оғир тушаётган қоидалар тўсқинлик қилмоқда.
“Ишлаб чиқарувчиларга электр қуввати керак, сув керак, мужмал бўлмаган қоидалар керак, бироқ буларнинг ҳаммаси штатлар ҳукуматлари қўлида”, - дейди мутахассис.
АҚШда таъминот билан шуғулланувчи бир компания раҳбари Бен Зян назарида эса Ҳиндистонда компаниялар лойиҳаларни жадвалга қараб якунлашга одатланмаган, нарх ва тезлик бобида Хитойга етишишига ҳали анча бор.
“Хитойда лойиҳага буюртма олиниши билан ишга тез киришилади ва тез топширилади”, - дейди у.
Бироқ сиёсий зиддиятлар ва COVID-19 локдаунлари сабаб Хитойда вазият ўзгармоқда.
“Apple” компанияси учун айфонлар ишлаб чиқарувчи “Foxconn” компанияси келаси йили Ҳиндистоннинг Карнатака штатида янги завод очиб, 50 минг одамни иш билан таъминламоқчи.
Ҳиндистонда шу пайтгача учинчи чакана савдогарлар орқали маҳсулотларини сотиб келган “Apple” апрел ойида илк бор ўз дўконларини очди.