Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов билан учрашди. Бу ҳақда вазир ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Бахтиёр Саидов республикада ўз фаолиятини якунлаётган Россия элчиси Олег Мальгиновни қабу қилди. Учрашувда Ўзбекистон-Россия иттифоқчилик ва стратегик шериклигини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
“Биз алоқаларни чуқурлаштириш ва мамлакатларимиз учун манфаатли қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлашга интилишимизни яна бир бор тасдиқладик. Жаноб Элчининг келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилаймиз”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов дипломатик миссиясини якунламоқда. У 2021 йил 5 март куни Россия президенти Владимир Путин фармонига мувофиқ, мамлакатнинг Ўзбекистондаги янги элчиси этиб тайинланган эди.