"Барселона" ҳужумчиси Ансу Фати клубини ўзгартириш ҳақида жиддий ўйламоқда.
"Кўк-анорранглилар" қишдаёқ футболчи билан хайрлашишга тайёр эди, аммо у қолишга қарор қилди. Вазият ўзгармади: ҳужумчи уч ойдан бери майдонга тушмаяпти. Mundo Deportivo хабарига кўра, Фати "Барселона" ва бош мураббий Ханс-Дитер Фликдан бутунлай кўнгли қолган. 22 ёшли испаниялик ўзига нисбатан адолатсизлик қилинаётганини ҳис қилмоқда: у машғулотларда ўзини ёрқин намоён қилмоқда, аммо клуб ижтимоий тармоқларида ҳам унинг саъй-ҳаракатлари бошқа футболчиларнинг муваффақиятлари каби ёритилмаяпти.
Қайд этилишича, Фати "руҳан синдирилган." У ўзига ишонган жамоада ўйнашни истайди ва шунинг учун келаси ёзда кетиш ҳақида ўйламоқда.