Ўзбекистонда банклар ҳужжатсиз 500 долларгача валюта сотиши таклиф этилди.
Марказий банк ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан тегишли ўзгартишлар лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ҳозирда тижорат банклари мижозлар 100 доллардан ортиқ миқдорда валюта сотиб олмоқчи бўлса, уларни текшириш чораларини кўриши шарт. Янги таклифга кўра, ушбу лимит 500 долларгача оширилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, банк ҳисобварағи очмасдан амалга ошириладиган операцияларда мижозни текшириш мажбурий бўлган миқдор ҳам ўзгартирилиши мумкин. Амалда бу чегара 500 БҲМга тенг бўлса, янги таклифда у қатъий сумма — 175 миллион сўм этиб белгиланмоқда.
Мазкур ҳужжат ҳозирча лойиҳа бўлиб, у муҳокама босқичида. Қабул қилиниб, расмий эълон қилинган тақдирда, уч ой ўтиб кучга кириши белгиланган. Муҳокама 4 апрелгача давом этади.