Бугун 22 декабрь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Банк тизимидаги трансформация жараёнлари кўриб чиқилди

Банк тизимидаги трансформация жараёнлари кўриб чиқилди

Президент Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни банк тизимида трансформация ва хусусийлаштириш жараёнлари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказди.

Бу соҳани ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида сўнгги уч йилда банклар капитали 1,8 бараварга, йиллик кредит ажратиш ҳажми 2 бараварга кўпайди. 4 та банк илк бор “евробонд” чиқариб, халқаро капитал бозорларидан 1 миллиард доллар ресурс олиб келди. Ипотека-банкка стратегик хорижий инвестор жалб қилинди. 13 та янги хусусий банк ташкил этилди, Венгрия, Қозоғистон ва Грузиянинг нуфузли банклари юртимизда фаолият бошлади. Онлайн банк хизматлари ҳажми 2,7 баробарга ошди.

Шу билан бирга, банк секторида рақобат кучаймоқда, банк хизматларига аҳоли ва тадбиркорлар томонидан талаб ошмоқда. Бу соҳада трансформация жараёнларини жадаллаштириш, келгуси йиллар учун устувор вазифаларни белгилаб олишни тақозо этаётир.

Хусусан, давлат улушига эга банкларни хусусийлаштиришга тайёрлаш, уларнинг қимматли қоғозларини “IPO”га чиқариш, соҳага тажрибали хорижий мутахассисларни жалб қилиш бўйича таклифлар билдирилди.

Халқаро рейтинг компаниялари билан ҳамкорликни кучайтириб, банкларнинг рейтингини ошириш бўйича ўрта муддатли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини замон талабларига мослаштириш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда банк раҳбарлари трансформация ва хусусийлаштиришга тайёргарлик кўриш, ходимларни ўқитиш, соҳада илғор IT ютуқларни жорий қилиш бўйича режаларини айтди.

Ҳар бир банк ўзи сармоя киритган лойиҳаларни чуқур таҳлил қилиб, ишга тушишини кузатиб бориши, ҳудудлар ва соҳаларда самардорлиги юқори бўлган лойиҳаларни амалга ошириши зарурлиги таъкидланди.

Киритилди: 19:52 20.11.2023. Ўқилди: 1105 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!