Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Балки сиз ёмон кўрган нарсада яхшилик бордир

Балки сиз ёмон кўрган нарсада яхшилик бордир

“Улар билан тотув турмуш кечиринг. “Агар уларни ёмон кўрсаларингиз (билиб қўйингки), балки сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо сураси, 19-оят).

“Улар билан тотув турмуш кечиринг”. Ояти каримадаги хитоб эрларга  қаратилган. Яъни: Эр аёлининг маҳр ва нафақа каби ҳақларини адо этиши, унга юмшоқ муомалада бўлиши лозим. Фақат гуноҳ иш содир этсагина унинг юзига  ғазабланиб қараши, беозор танбеҳ бериши мумкин.

Қўпол муносабат муҳаббатни кетказиб, адоватни келтириб чиқаради. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин кўп сўкувчи ҳам, кўп лаънатловчи ҳам, фаҳш сўзларни айтувчи ҳам, одобсиз ҳам бўлмайди”, деб огоҳлантирганлар» (Имом Термизий). Ибн Мунзир Икримадан ривоят қилиб айтади: “Аёлингнинг сендаги ҳақи у билан  гўзал муомалада бўлишинг, яхшилик ила кийинтириб, едиришингдир”.

Имом Қушайрий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оятни бундай тафсир қилади: “Аёлларингизга динни таълим беринг, одоб ва гўзал хулқларни ўргатинг, улардан етадиган азиятга сабр этинг, тоқатидан ортиқ нарсага буюрманг, уларни хижолатга

қўйишдан сақланинг”.

Оила раҳбари – эркакнинг аҳли оиласини нафақа билан таъминлаши ҳам оятдаги: “Улар билан тотув турмуш кечиринг”, хитобига амал қилишга киради. Зеро, Аллоҳ таоло эркакни аёлга нисбатан қувватлироқ ва турли машаққатларга чидамлироқ этиб яратган. Чунки оилани нафақа билан таъминлаш эркакдан кўп машаққат талаб қилади. Эр машаққатлар эвазига Аллоҳдан савоб умид этса, ҳисобсиз ажрларга эришади. Аксинча, аҳлининг нафақаси борасида бепарволик қилса, гуноҳкор бўлади. Зеро, Набий алайҳиссалом ҳадисларининг бирида: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади”, деб огоҳлантирганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Уламоларимиз: “Хотин эри учун қанчалик ўзига оро берса, эр ҳам аёли учун  шунчалик хушбўйланиши керак”, дейишган. Яҳё ибн Абдураҳмон Ҳанзалий бундай ҳикоя қилади: «Муҳаммад ибн Ҳанафиянинг ҳузурига бордим. У олдимга чиқди. Соқолидан хушбўй таралиб турарди. Мен: “Бу нимаси?” деб сўрадим. Муҳаммад: “Биз аёллардан истаган нарсамизни улар ҳам биздан хоҳлашади”, деди».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Аёлим мен учун зийнатланишни яхши кўрганидек, мен ҳам унинг учун хушбўйланишни ёқтираман”, деган.

Ибн Атийя бундай дейди: «Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Аёллар билан яхши муомалада бўлинг” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). Яъни, аёл кишидан бирор номақбул иш содир бўлса-да, ёмон муомала қилманг. Балки мулойимлик билан ислоҳ қилишга урининг. Акс ҳолда, унинг норозилиги ажримга олиб келиши мумкин».

Агар уларни ёмон кўрсаларингиз (билиб қўйингки), балки сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин”. Аёлингиз бузуқлик ёки бўйсунмаслик каби гуноҳи кабира қилмаса, уни фақат  хунуклиги ёки ёмон хулқи сабаб ёқтирмасангиз, билингки, Парвардигор сизни дунёга келтирадиган солиҳ фарзандлар билан сийлаши мумкин. Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ: “Агар аҳли оилангизни ёмон хулқи ёки азият берувчи тилига сабр қилсангиз, Аллоҳ таоло шу ишингиз эвазига аёлингиздан  кўзингизни қувнатадиган ва охиратда  кўплаб савоблар олишингизга сабаб бўладиган фарзандларни ато этади”, деб тафсир қилган.

Макҳул айтади: «Абу Бакр ибн Абдураҳмон бундай ҳикоя қилди: “Шайх Абу Муҳаммад Ибн Зайд илмли ва маърифатли инсон эди. Ёмон ахлоқли аёли бўлиб, эрининг ҳақларини тўлиқ адо этмасди. Унга тили билан озор етказар­ди. Одамлар шайхга аёлининг қилиқларига сабр қилиб ўтирмасдан, тийиб қўйиши кераклигини таъкидлашарди. Шайх: “Мен эр кишиман. Аллоҳ таоло танамга саломатлик берди ва мени маърифатли қилди. Шояд аёлимни гуноҳларимга каффорат этиб юборган бўлса. Агар у билан ажрашсам, менга бундан кўра қаттиқроқ уқубат беришидан қўрқаман”, дерди».

Абу Жаъфар айтади: “Гарчи аёлингизни ёқтирмасангиз ҳам, у билан тотув яшанг. Шояд уларни ушлаб туришингизда кўплаб яхшиликлар бўлса. Улардан фарзанд кўрарсиз ёки уларни ёқтирмаганингиздан сўнг, яна яхши кўриб қолишингиз мумкин”. Мужоҳид айтади: “Уни ёқтирмасангиз ҳам, у билан тотув яшанг. Шояд Аллоҳ шу туфайли сизга кўпгина яхшиликлар берса”.

Саъдий раҳимаҳуллоҳ: “кўпгина яхшилик”дан мурод “фарзанд”, деб айтган. Ибн Аббос: «“кўпгина яхшилик”, унга қайта кўнгли тушиб, ундан фарзанд кўради ва ўша фарзандда кўпгина яхшилик бўлади», деб фикр билдирган.

Дарҳақиқат, ояти кариманинг маъноси жуда кўп ҳикматларни ўзида қамраган. Агар мўмин Парвардигор буйруқларига амал қилса, Унинг фазли ила беҳисоб яхшиликларга сазовор бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мўмин мўмина аёлини ёмон кўрмасин. Агар унинг хулқ-атворидан бирини ёмон кўрса, бошқа хулқини ёқтириши мумкин”, дея таълим берганлар (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга ўзига яраша қобилият ва хулқ-атвор берган. Астойдил ҳаракат қилинса, Аллоҳнинг тавфиқи билан инсон ўзидаги салбий сифатларни тузатиб, унинг ўрнига ижобий ва мақталган сифатларни қарор топтириши мумкин. Аллоҳ таоло бизга ояти карима ва ҳадиси шарифлар ҳамда уламоларимиз насиҳатларига амал қилишни насиб этсин.

Имом Қуртубий, Имом Табарий, Имом Насафий, Ибн Ҳажар Асқалоний асарлари асосида

Ўзбекистон халқаро ислом академияси докторанти

Абдушукур МУРОДОВ тайёрлади.

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 8-сонидан

Киритилди: 23:02 10.10.2019. Ўқилди: 5866 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!