АБУ-ДАБИ – Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Исроил мудофаа кучларининг Қатар пойтахти Доҳада амалга оширган ҳаво ҳужуми муносабати билан мамлакатдаги Исроил элчисини чақиртирди.
Бу ҳақда Исроил ОАВларига таяниб, “Report” ахборот агентлиги хабар берди.
Ҳозирча БАА ва Исроил ташқи ишлар вазирликлари воқеага изоҳ бермаган.
Эслатиб ўтамиз, 9 сентябр куни Исроил ҳаво кучлари Доҳада музокара олиб бораётган ҲАМАС раҳбарияти аъзоларига зарба берган эди. Амирлик ички ишлар вазирлиги маълумотича, ҳужум оқибатида бир хавфсизлик ходими ҳалок бўлган, бир нечта шахс яраланган.
ҲАМАС эса делегация аъзолари ўлими ҳақидаги хабарларни рад этган бўлса-да, ҳужумда олти киши, жумладан ҳаракат етакчиларидан Халил ал-Ҳайининг ўғли ва Қатар хавфсизлик кучлари ходими ҳалок бўлганини тасдиқлади.