Бугун 2 декабрь, 2024 йил, душанба

O'ZB

Азон нима ўзи?

Азон нима ўзи?

Азон бу...

Азон луғатда “билдирув” деган маънони англатади.

Азон Аллоҳнинг тоатига, ибодатига, ҳидоятига, Унинг Даргоҳи олиясига бир чорловдир. Азон Аллоҳ севгисининг танларга нидоси, қалбларга тажаллисидир. Азон дил ва вужуддан шайтонни қувиш имкониятидир. “Азон” – Аллоҳнинг сиғиниш ва ибодат қилишга сазовор ягона Зот эканини, Муҳаммад алайҳиссаломни бутун инсониятга юборилган охирги ҳақ пайғамбарликларини, динимизнинг бутун дунёда мислсиз адолат ва ҳурриятни жорий қилиш дини эканини билдиришдир.

“Азон” – Қуръон ва суннатни ўрганиб, иймон ва куфрни, яхши ва ёмонни, ҳалол ва ҳаромни фарқлаш зарурлигини билдиришдир.

Азоннинг жорий қилиниши

Ҳар намоз вақти кирганда намозхонларни хабардор қилиш, масжидга кўпроқ жамоат йиғилиши учун нимадир ўйлаб топиш керак эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга маслаҳат солдилар. Шунда саҳобалардан бири баландроқ жойга байроқ осайлик дедилар. Ухлаган, кўрмаган одамга фойдаси йўқлиги учун маъқул кўрилмади. Бир саҳобий тепаликка ўт ёқишни таклиф қилдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оташпарастларнинг иши деб бунга ҳам рози бўлмадилар.

Яна баъзилари қўнғироқ чалишни, баъзилари эса буғ (карнай) чалишни таклиф қилишди, бироқ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳеч бирига рози бўлмадилар. Чунки насороларнинг ибодат вақти қўнғироқ чалиш одати бор эди.

Шу пайт бир саҳобий "Ё Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар намоз вақти кирганда бир одам туриб "Вақти намоз", "вақти намоз" деб қичқирса бўлмайдими?" дедилар. Таклиф қабул қилинди. Бу вазифа Мадиналик саҳоба

Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳуга буюрилди. Азон шу усулда айтила бошланди. Кунларнинг бирида Абдуллоҳ ибн Зайд (розияллоҳу анҳу)нинг тушларига бир киши кириб: "Қачонки мўминларни намозга чақирсанг, шу сўзларни айт", деди.

У қуйидаги сўзлар эди:

Аллооҳу акбар!

Аллооҳу акбар!

Аллооҳу акбар!

Аллооҳу акбар!

Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллооҳ!

Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллооҳ!

Ашҳаду анна Муҳаммадар-расуулуллооҳ!

Ашҳаду анна Муҳаммадар-расуулуллооҳ!

Ҳайя ъалас-солааҳ!

Ҳайя ъалас-солааҳ!

Ҳайя ъалал-фалааҳ!

Ҳайя ъалал-фалааҳ!*

Аллооҳу акбар!

Аллооҳу акбар!

Лаа илааҳа иллаллооҳ.

У киши уйғониб зудлик билан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг ҳузурларига бориб воқеани баён қилдилар.

Расулуллоҳ ҳам "Сен ҳақ туш кўрибсан, мен меърожга чиққанимда аршда бир фаришта шундай азон айтганини кўрдим", дедилар.

Сўнгра "Уни Билолга ўргатгил, у сендан унлироқдир (товуши баланд)", дедилар.

Шундан сўнг ҳазрати Билол (розияллоҳу анҳу) азон айтиш учун турдилар ва бутун ислом оламига шу тартибда азон айтиш суннат бўлиб қолди.

Азон айтиш фазилати

سنة للفرائض والجمعة فقط فى وقتها

Фақатгина фарз ва жума намозлари учун ўз вақтида азон айтишлик суннат (яъни суннати муаккада)дир.

Яъни фарз ва жума намозларида доим азон айтиш лозим экан.

عن مالك بن الحويرث رضى الله عنه ، قال: قال لنا رسول الله صلى الله عليه و سلم: " صلّوا كما رأيتمونى أصلّى ، و اذا حضرت الصلاة ، فليؤذّنْ لكم احدكم ثم لْيؤمَّكم اكبركم ". متفق عليه

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: “Мени намоз ўқиётганимда кўриб турганларингдек намоз ўқинглар. Агар намоз вақти кирса бирларингиз азон айтсин ва катталарингиз имом бўлсин”.

(فقد امره النبي صلى الله عليه و سلم بالاذان و الامر للايجاب كما هو معلوم)

(ана шу ҳадисдан Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг намоз учун азон ва унинг ижобини шарт қилганликлари маълумдир).

Азон айтиш тартиби

و يترسل به مستقبلا و اصبعاه فى اذنيه ولا يلحّن ولا يرجّع

Азонни қиблага юзланган ва бармоқларни қулоққа қўйган ҳолда (сўзларини) дона-дона қилиб айтилади. Қўшиқ(дек) қилиб ва (овозни) паст-баланд қилиб айтилмайди.

رسول الله صلى الله عليه و سلم قال: حدثنى ابى عن ابيه عن جده ، أنّ رسول الله صلى الله عليه و سلم أمر بلالاً أنْ يجعل أصبعيه فى أذنيه ، و قال: " إنه أرفعُ لصوتك ". رواه ابن ماجة

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам.) Билол (розияллоҳу анҳу)га (азон айтаётган вақтида) бармоқларини қулоқларига қўйишни буюрдилар ва: "У овозингни кўтаради", дедилар.

 ويحوّل وجهه فى الحيعلتين يمنة ويسرة وان لم يتم الاعلام يستدير فى المئْذنة *

Икки “ҳаййа”да юзини ўнгга ва чапга айлантиради. Агар эълом (яъни овозни етказиш) мукаммал бўлмаса, азон айтаётган жойида айланади.

عن ابى جحيفة قال : رأيتُ بلالاً يؤذن و يدور و يتبع فاه ههنا و ههنا و إصبعاه فى أذنيه . رواه الترمذى

Абу Жуҳайфа дедилар: “Мен Билол (розияллоҳу анҳу)ни азон айтаётганини кўрдим, айланиб оғзини у ёқ бу ёққа қаратарди ва бармоқлари эса қулоқларида эди”.

Якун...

Юқорида азон айтиш тўғрисида бироз маълумот беришга ҳаракат қилдик. Кўпчилигимиз бунга унчалик даражада эътибор бермаймиз. Лекин азоннинг фазилати жуда кўп. Қачон азон эшитганимизда қиёмат соати келганини тасаввур қилиб, чин қалбдан ҳис этиб Аллоҳдан чин маънода қўрқсаккина ибодатларимизда лаззат, икки дунёмиз фаровон бўлади.

Иншааллоҳ...

Manba: azon.uz

Киритилди: 06:56 21.10.2018. Ўқилди: 14303 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!