Azerbaijan Airlines (AZAL) Бокудан Қозонга ва ортга парвозларни номаълум муддатга тўхтатди. 8 январ, чоршанба куни ижтимоий тармоқ орқали авиаташувчи ўз қарорини Қозон устидаги ҳаво ҳудуди сўнгги пайтларда мунтазам равишда ёпиб қўйилгани билан изоҳлади.
Хабарда айтилишича, Татаристон пойтахтига парвозларни тўхтатиб туриш «парвоз хавфсизлигини таъминлаш» учун мўлжалланган. «AZAL жорий вазиятни диққат билан кузатишда давом этади ва ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида йўловчиларни хабардор қилади», — дейилади компания хабарида.
Қозон 2024 йил 25 декабрда Грозний осмонида учувчисиз учоқ ҳужуми пайтида Embraer 190 самолёти ҳаво мудофаа тизими томонидан уриб туширилгач ва Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида ҳалокатга учрагач, Azerbaijan Airlines парвозларини тўхтатган Россиянинг ўн биринчи шаҳри бўлди. Ҳалокатдан кўп ўтмай AZAL хавфсизлик нуқтайи назаридан Владикавказ, Волгоград, Грозний, Махачқалъа, Минералние Води, Нижний Новгород, Самара, Саратов, Сочи ва Уфага парвозларни бекор қилди.