Бугун 29 март, 2020 йил, якшанба

O'ZB

«Айтинг-чи, Кушербаев, бошқа депутатлар қаерда?»

«Айтинг-чи, Кушербаев, бошқа депутатлар қаерда?»

Бу саволнинг жавоби ҳамон очиқ қолмоқда. На Сенат аъзолари, на Қонунчилик палатаси вакиллари бир ҳафта давомида мазкур сўровга муносабат билдиришмади. Наҳотки улар ростдан ҳам “йўқолиб” қолган бўлса?..

Баъзан ҳайрон қоламан: нега журналист ва блогерлар кўриб турган нарсани депутатлар билмайди? Нима учун аҳолининг барча қатламлари эшитган хабарлардан халқ ноиблари бехабар? Ахир, сайловлардан олдинги ваъдалар бошқача эди-ку! Йўқса, нега юқоридаги савол очиқ қолаётир? Мана, мен бу ёқдаман, “Human” масаласини ҳукуматга киритяпман, электорат тарафини оляпман, сайловчи манфаатини ҳимоя қиляпман, Олтинсой воқеаларини жойида ўрганяпман, демади?
Тўғри, вақтингиз тиғиз. Ўқиладиган қонун лойиҳалари, қатнашадиган турфа тадбиру мажлислар ниҳоятда кўп. Ҳар бирининг мағзини чақишга интилганингиздан бош қашишга кетадиган сонияларни ҳам қизғанасиз. Лекин, очиғини айтай, фракция телеграмм канали ва ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларингизда бу умуман сезилмаяпти. Хафа бўлманг, аксинча таассурот қолдиряпсиз. “Кузатув” муаллифларининг диққатини табрик ёзишдан ўзгасига жалб қила олмаяпсиз (қутловларга “личка” борлиги хусусида ақл ўргатишдан йироқмиз). “Просто сладкий стол”ингиз эса оний лаҳзаларда виртуал оламга тарқалди. “Кузатув” шуниси билан қизиқ-да, ахир. (Янатағин, аввал огоҳлантирмагансиз дея ўкинманг – газетанинг 5-сонида анонс берилганди.) Дарвоқе, 6-сондаги сизнинг фаолиятингизга оид мақоладан иқтибос: “Мана, нима учун қонунларимизда ўзбекча руҳ йўқ? Мана, нима учун реал ҳаётимизга мос ва хос тушунчалар кам?”. Фельетон ўрнидаги фикрлар билан тўлиқ танишсангиз, ларзага тушишингиз аниқ. Афсус ки, бунга ҳам вақтингиз йўқ-да. Фермер ва тадбиркорларнинг мажбурий аъзолиги ҳақида қонун қабул қилганингиз ёдимизда (минглаб эътирозларга қарамай). Балки сиёсатчиларга газета ўқиш мажбуриятини қонунан юклашга кўмак берарсиз энди?! Матбуотни шу йўл билан ҳам таназзулдан сақлаб қолиш мумкин. O‘zLiDeP фракцияси телеграмм каналида ҳафта давомида Тоиржону Нодиржонлар кўп эслангани “кузатув”чиларимизнинг алоҳида эътиборини тортди. Ҳамкасбга саломатлик тилаш, самимий истакларни билдириш керак, албатта. Бироқ бу канал келиб тушаётган қонун лойиҳаларининг нуқсонларини тўғрилаш, камчиликларини тўлдириш, унинг йўналишини, мазмун-моҳиятини партия электорати манфаатига буриш учун маслаҳатлашув майдони, тезкор фикр алмашишнинг электрон имконияти эканини ёддан чиқармайлик. Фракция йиғилишида вақтни оладиган саволларнинг кўпини шу каналда кўриб чиқса, ҳар ким ўз хонасида ўтириб лойиҳани пишитишга бемалол ҳисса қўшса бўлади. Илгари бундай қулайлик қаёқда эди. Ҳассос адиб айтганидек, атомнинг кучини ўтин ёришга сарфламайлик. Қани муҳокама, теша тегмаган мулоҳазалар-чи?  Савия ва савод масаласидан аввал депутатларнинг ҳаммаси ҳам қонун лойиҳалари матнини астойдил ўқимаслиги бор гаплигини таъкидлаш жоиз. Буни муҳокама пайтидаги саволларнинг ўта жўнлиги ёхуд мавзуни четлаб ўтишдек “иситма”си ҳамиша фош қилиб туради. Ишонинг, бу факт!    Ҳеч бўлмаса, атоқли отларни тўғри ёзишни ўрганайлик, лоқайдлик ва мудроқликка “таътил” берайлик. Ҳар қалай, Олий Мажлис депутатисиз-ку? Қўлга илинган нарсани каналга ташлаб, ўзимизни ҳам, партия ва парламентимизни ҳам хижолатга қўймайлик! Каналда “хайот” деган янги сўз кашф қилинади, деб сира ўйламагандим. Яна денг, Лев Толстой томонидан. Балки Лев бува ўзбекчани яхши билмагани учун “ҳаёт”ни учта хато билан ёзиб қўйган бўлса керак!? Тўғри айтасиз, бошқа миллатга мансуб инсонларни учта хатоси учун уришиб бўлмайди... Тан олайлик, партиядошларимизга нафи тегадиган муҳокама ҳам учради. Учрашувларда O‘zLiDeP рамзлари кўринарли жойга қўйилмагани билан боғлиқ мунозара шунга мисол. Фракция аъзоси Эркин Зоҳидов бу ваҳима кўтаришга арзимас масала деб ҳисобламоқда. Йўқ, бу айнан ўша учрашувни тўхтатиб, зудлик билан тузатиш керак бўлган иш (айниқса, ўша ерда рақобатчи партия байроғи турган бўлса)! “Кузатув”чилар фақат тирноқ остидан кир қидирар экан, демаслигингиз учун, кези келганда, бошқа блогерларнинг сизнинг фаолиятингиз хусусидаги очиқ фикрларини келтириб ўтмоқчимиз. Масалан, “Янги Ўзбекистонда янги парламент шаклланганидан кейин ижобий ўзгаришлардан умидвормиз. Aммо ҳозирча бирор катта ижобий сигнал сезишга улгурмадик”, деб ёзди Xushnudbek.uz Олий Мажлис депутатлари ҳақида. Аслида, шу гапнинг ўзи маънавий тарсакидир. Ёки икки кундан буён барча ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган “Сиз мени сайламагансиз, бундан кейин ҳам сайламайсиз... сайламасангиз ҳам майли” деган гапларни олайлик. Савол туғилади: назарий жиҳатдан умуман бошқа округда яшайдиган фуқаро бошқа округдан сайланган депутатга эътироз билдириб, ундан бирор нарсани талаб қила олмайдими? Талаб қила олади, қилганда қандоқ! Чунки барча депутатлар қайси округдан сайланганидан, кимлар овоз берган-у, ким овоз бермаганидан қатъи назар, фуқаролар тўлаган солиқлар эвазига давлат бюджетидан маош олади. Яъни, депутатларни ХАЛҚ БОҚАДИ... Мана шунинг ўзи энг катта асос эмасми?! Ўзбекистоннинг қай бир ҳудудида умргузаронлик қилишингиздан қатъи назар, хоҳ Наманган бўлсин, хоҳ Жиззах, ис
талган депутатга эътироз билдира оласиз, исталган депутатга қонун доирасида талаб қўя оласиз (адлия вазири Руслан Давлетов ҳам катта анжуманда шу мазмунда фикр билдирди). Улар бизнинг ҳисобимиздан “Мерседес”у “Малибу” каби хизмат машиналарида юришибди. Бизнинг ҳисобимиздан имтиёзли шартларда уй-жой олишяпти. Нафақат ҳар бир депутат, балки ҳар бир давлат хизматчиси мана шу олтин қоидани ҳар лаҳза ёдида тутиши, ҳеч қачон унутмаслиги керак. Бор гап шу! Мухтасар хулоса ўрнида яна бир тавсия: жамиятда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга депутат муносабати “Муносабат” кўрсатувида қатнашиш билан чекланмаса яхши эди. Битта ток-шоуда битта фракциядан 11 кишига (жумладан, 19 февралдаги сонида) нима бор? Тушунаман, рўйхатга киритилгандан кейин боришга мажбурмиз, демоқчисиз. Лекин яна мантиқни унутяпсиз: газета ўқишга, мақола ёзишга мажбур эмассиз-ку!?  Оммавий ахборот воситаларининг барчаси бир хил қонунлар бўйича ишласа, ТВга чиқиш қанақа мажбурият бўлиши мумкин?! Қани мантиқ?! Майли, қанча хоҳласангиз, шунча боринг! Фақат бу ноёб имкониятдан ҳеч бўлмаса Чиноздан сайланган ҳамкасбингиз сингари унумли фойдаланинг! Томошабин бўлиб келишдан не наф? Ана шунда кенг жамоатчиликда “Айтинг-чи, Кушербаев, бошқа депутатлар қаерда?” деган ҳақли ва жавоби кўпчиликка оғир келадиган савол туғилмайди. Унутманг, сиз ҳамон “кузатув”дасиз.


Озод РАЖАБОВ,

“XXI asr” мухбири

Киритилди: 16:32 21.02.2020. Ўқилди: 3236 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!