Бугун 7 ноябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Айрим ОТМ раҳбарларининг лавозимига лойиқлиги ўрганилади

Айрим ОТМ раҳбарларининг лавозимига лойиқлиги ўрганилади

Таълим ва илм-фан вазирлигида давлат олий таълим муассасалари ректорлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда олий таълим сифати, битирувчилар бандлиги, талабаларнинг яшаш шароити ва олийгоҳлардаги мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.

Йиғилишда келтирилган маълумотларга кўра, давлат олийгоҳларининг 2026 йилги битирувчиларидан 13,8 минг нафари ҳозирда иш билан таъминланмаган.

Шу муносабат билан ўқув дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаштириш, талабаларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ва иш берувчилар билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Битирувчиларнинг ишга жойлашиши олий таълим муассасалари фаолияти самарадорлигини баҳолашда муҳим мезон бўлиши қайд этилди.

Йиғилишда ўқув адабиётлари билан таъминлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Таҳлил қилинган 29,7 мингта ўқув адабиётининг 5,5 мингтаси 20 йилдан аввал чоп этилгани, айрим фанлар бўйича эса умуман ўқув адабиётлари мавжуд эмаслиги аниқланган.

Шу сабабли ўқув манбаларини янгилаш ва уларни таълим дастурларига мувофиқлаштириш вазифаси белгиланди.

Талабалар мурожаатларини ўз вақтида ҳал қилиш, топшириқлар ижросини таъминлаш, талабалар турар жойлари қурилишидаги кечикишлар ва ижара хонадонларидаги шароитларни ўрганишда йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам муҳокама қилинди.

Шунингдек, хорижий хизмат сафарларининг амалий натижадорлиги, инвестиция ва грантларни жалб қилиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда энергия тежамкорлигини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.

Йиғилишда айрим олий таълим муассасаларидаги мансабдор шахсларнинг лавозимига лойиқлигини ўрганиш ва натижаси бўйича хулоса киритиш учун ишчи гуруҳ тузиш белгиланди.

Йиғилиш якунида ректорларга 15 кун ичида талабалар ва ўқитувчилар учун қабуллар ташкил этиш, уларнинг муаммоларини жойида ўрганиш ва ҳал қилиш чораларини кўриш топширилди.

Шунингдек, олий таълим муассасалари фаолияти бўйича ойлик, чораклик ва йиллик иш режаларини шакллантириш, аниқланган камчиликларни эса белгиланган муддатларда бартараф этиш вазифаси юклатилди.

Киритилди: Бугун 18:42. Ўқилди: 302 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар