Аёл — жамият гултожи, борлиқ кўзгуси, миллат тарбиячиси. Унинг меҳр-муҳаббати навниҳолларни, эртамиз эгаларининг униб-ўсишига, камол топишига сабаб бўлади. Аёл бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади. Хотин-қизларни эъзозлаган, қадрлаган юртнинг эса бугуни ва эртаси шубҳасиз фаровондир!
Бугунги кунда ҳам ҳукуматимиз томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятда қадрини ва қаддини кўтариш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу хайрли ишларнинг самарасини эса барча опа-сингилларимиз ўз ҳаётлари, умр йўллари давомида ҳис этишмоқда. Шу билан бирга кўрсатилаётган меҳр-муҳаббатни юксак баҳолаб, барча соҳаларда ўз билим ва салоҳиятларини кўрсатмоқда, жаҳон ареналарида давлатимиз байроғини янада баланд тутмоқда, ер юзидаги энг машҳур, йирик компанияларда меҳнат қилиб, ўзбекларнинг салоҳиятини намойиш қилмоқда.
Албатта, келажаги буюк, эртаси фаровон бўлишини истаган халқ миллат давомчиларини қай соҳа вакили бўлмасин кўнгли тинч, ҳаёти фаровон бўлиши учун ҳаракат қилади, муносиб турмуш кечиришлари учун шароит яратади.
Юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ-имкониятларини кенгайтириш, давлат бошқаруви ва жамиятнинг барча жараёнларида уларнинг ролини оширишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси гендер тенглик соҳасида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг асосига айлангани ҳам ҳеч биримизга сир эмас. Давлат бошқарувида аёллар вакилларини кўпайтириш учун етакчи лавозимларни эгаллашга қодир 15 минг нафардан ортиқ хотин-қизлардан кадрлар захираси шакллантирилди. Ўзбекистон тарихида илк бор миллий парламентдаги аёллар сони 32 фоизга етди. Мамлакатдаги раҳбарлик лавозимидаги аёллар сони эса 30 фоизни кўрсатмоқда.
Жорий йил 1 март куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Келгуси ўқув йилидан бошлаб жамиятимизда олима аёллар улушини сезиларли ошириш учун доктарантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилишини билдирди. Бу янгиликни илмга ташна опа-сингиллларимиз катта қувонч ва ҳаяжон билан қарши олди. «Маърифат» тарғиботчилар жамиятининг 150 нафардан ортиқ илм-фан, санъат ва адабиёт соҳаларида фаолият олиб бораётган опа-сингилларимиз, бир сўз билан айтганда миллатизнинг зиёли аъзолари ҳам ушбу янгиликдан хурсанд бўлди. Бу йўлда давлатимиз раҳбарининг ёнида бўлишларини билдирди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг маънавий оламини бойитиш, қизларни оилага тайёрлаш, уларни миллат тарбиячисига айлантириш бўйича қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, ўтган йил давомида профессор, доцент аёлларнинг услубий қўлланмалари, илмий рисолалари нашр эттирилди, «Маънавият фестивали» давомида ўтказилган психологик тренинглар натижасида кўплаб ажрим ёқасидаги оилаларнинг ярашувига эришилди. «Менинг фарзандим Ўзбекистон фахри» лойиҳаси доирасида 100 нафар истеъдодли, спортчи ёшларнинг оналари тақдирланди ва бошқаларги ўрнак сифатида кўрсатилди. Маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, юксак ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш борасидаги самарали фаолияти учун 17 нафар хотин-қизлар «Маънавият фидоийси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Республикамизнинг 4 та ҳудудида ўтказилган «Мақом кечалари» концерт дастурлари давомида Ўзбекистон халқ артистлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистларлар билан бирга ёш истеъдод эгалари, мақом йўналишида таҳсил олаётган ўқувчи қизлар ҳам бир саҳнада қўшиқ ижро этиш имконига эга бўлди. Бу уларга катта саҳнага чиқишларида дебоча бўлиб хизмат қилади.
Айни пайтда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни жамиятда тутган ўрнини ошириш, турли соҳаларда фаол хизмат қилаётган олималар, зиёли аёллар ҳамда мунис опа-сингилларимизнинг қадр-қимматини юксалтириш, меҳнатларини эътироф этиш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази «Маърифат» тарғиботчилар жамияти томонидан 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан «Аёлга эҳтиром!» лойиҳаси ўтказилди. Ушбу тадбирлар давомида юртимиздаги 500 нафардан зиёд хотин-қизларга байрам туҳфалари тақдим этилди.
Ана шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 3 март куни Яккасарой туман ободонлаштириш бошқармасида меҳнат қилаётган аёлларни табриклаш, уларга кўтаринки кайфият бахш этиш мақсадида «Аёлга эҳтиром!» лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа доирасида ободонлаштириш ишлари олиб борилаётиган ҳудудларга борилиб, ўша ернинг ўзида аёллар билан дилдан суҳбат қурилди. Тадбирда эл суйган санъаткорлар, Ўзбекистон Халқ артистлари, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзолари иштирок этди. Сўзга чиққанлар гўзаллик ва нафосат байрами бўлган 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан чин қалбдан табриклашди. Уларга илиқ тилакларини билдиришди. Шундан сўнг Яккасарой ободонлаштириш бошқармасида фаолият олиб бораётган 200 нафарга яқин хотин-қизларга «Маърифат» тарғиботчилар жамияти томонидан байрам туҳфалари топширилди.
Фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова аёллар билан самимий мулоқот қилиб, уларга ўзининг самимий тилакларини билдирди.
— Давлатимизда хотин-қизларга эътибор, ғамхўрлик юксак даражадалигини бугун барчамиз юрак-юракдан ҳис қиляпмиз. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектордаги сўзлари ўзбек аёлларини янада руҳлантирди, эртанги кунга ишончини яна бир бор мустаҳкамлади, десам янглишмаган бўламан.
Республика Маънавият ва маърифат маркази «Маърифат» тарғиботчилар жамияти томонидан ободонлаштириш ходималари иштирокида ўтказилаётган бугунги тадбир давомида ҳам опа-сингилларимиз янги ўқув йилидан бошлаб қизларга илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш, эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган талаба қизларнинг таълим контракти эса маҳаллий буджетдан тўлаб бериш амалиёти жорий этилишини эшитиб қувонганини билдиришди. Ҳақиқатдан ҳам бу янгиликлар 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни байрамига бутун ўзбек халқи, айниқса илм талаб қизларимиз учун катта совға бўлди. Шуни айишим керакки, мен мамлакатимизда амалга оширилаётга ислоҳотлар энг қуйи қатламгача етиб бораётгандан, муҳими бу ҳаракатлардан халқимиз рози бўлаётганидан жуда хурсанд бўлдим.
Яккасарой туман ободонлаштириш бошқармаси ишчиси Феруза ўз таассуротларини биз билан ўртоқлашди:
–Пойтахтимиз кўчаларини озодалигини сақлаш учун эрта тонгдан ишга йўл оламиз. Кимдир хизматимиздан мамнунлигини айтиб, ўз миннатдорчилигини билдирганида кўнглимиз тоғдек кўтарилади.
Бугун қўлида лолаларни тутиб биз томонга юриб келаётган «Маърифат» тарғиботчиларини кўриб ҳайрон қолдик. Совғаларни тақдим этишганда қанчалар хурсанд бўлганизмизни айтмай қўяқолай. Баҳорни лолаларсиз тасаввур этиб бўладими?!
Биз телевизорда кўрадиган санъаткорлар билан ёнма-ён туриб суҳбатлашдик, суратга тушдик. Улар илиқ тилаклар билдиришди. Бугунги кун учун эса Республика Маънавият ва маърифат маркази «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоларига миннатдорчилик билдирамиз.
Қувончимнинг чеки йўқ дея сўз бошлайди Яккасарой туман ободонлаштириш бошқармаси ишчиси Дилдора Усмонова.
– Бугун баҳор нафасини берадиган гулларни қўлимизга тутишганида барча аёллар ўзимизни жуда бахтли ҳис этдик. Бизга улашилган совғалар ҳам жуда ёқди. Байрам арафасида Фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова билан учрашиш шахсан мен учун кутилмаган совға бўлди. Қолаверса севимли актёрларимиз Меҳмонали Салимов, Толиб Хожиев, Расулхон Қодирхонов, Хуршид Собиров билан юзма-юз суҳбатлашдик. Тадбирни ташкил этган барча масъулларга катта раҳмат айтмоқчиман. Аёлларни эъзозлаган, уларга ҳурмат кўрсатганлар ҳеч қачон кам бўлмасин.
Ўзбекситонда хизмат кўрсатган артист, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси Меҳмонали Салимов барча хотин-қизларга ўз табрикларини билдирди:
–Баҳорнинг илк байрами 8 март — Халқаро хотин-қизлар кунидир. Бу ҳам бежиз эмас. Баҳор фаслидек гўзал аёлларимиз ҳаёт давомчи. Биз уларга қанчалик эҳтиром кўрсатсак, қадрласак шунча кам.
Бугун «Маърифат» тарғиботчилари зиёлилар, олимлар ва санъаткорлар иштирокида Яккасарой туман ободонлаштириш бошқармасида фаолият олиб бораётган опа-сингилларимизга баҳорий хушкайфият улашиш мақсадида «Аёлга эҳтиром!» лойиҳасини ўтказди.
Фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги барча опа-сингилларимиз, қизларимизни 8 март — Халқаро хотин қизлар куни билан чин қалбимдан табриклайман. Уларга сиҳат-саломатлик, хонадонларига файз-барака, бахту саодат тилайман. Яна бир бор байрамингиз муборак бўлсин!
Жараёндан фотолавҳалар...