Бугун 11 декабрь, 2025 йил, пайшанба

O'ZB

“Аваза"да БМТ Конференцияси якунланди: Ўзбекистон иқлим кун тартиби ва маданий меросини тақдим этди

A A A
“Аваза"да БМТ Конференцияси якунланди: Ўзбекистон иқлим кун тартиби ва маданий меросини тақдим этди

Туркманистоннинг "Аваза" миллий туризм ҳудудида БМТнинг денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича III Конференцияси бўлиб ўтди. Тадбирда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари, ўнлаб мамлакатлардан делегациялар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Конференция доирасида Ўзбекистон ўзининг Миллий павильонини тақдим этди. Унда маданий мерос, барқарор ривожланиш ва мамлакатнинг замонавий келажакка қарашлари уйғун тарзда мужассам этилди. Экспозиция анъанавий ўзбек ҳавлиси шаклида безатилиб, миллий анъаналар ва меҳмондўстликни акс эттирди. Бу ерда иштирокчилар ва меҳмонлар мамлакатнинг маданияти, ҳунармандчилиги, гастрономияси ва туристик салоҳияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.

Ўзбекистон павильонига Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Тансила Норбоева, Эсватини қироли Мсвати III ва бошқа кўплаб юқори мартабали меҳмонлар ташриф буюрди.

Конференция доирасида “Иқлим ўзгариши ва табиий офатларга мослашиш салоҳиятини ошириш, барқарорликни кучайтириш” мавзусида юқори даражадаги панел сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов иқлим ўзгаришига қарши кураш ва барқарор ривожланишни таъминлаш борасидаги миллий саъй-ҳаракатлар ҳақида маъруза қилди.

Алоҳида эътибор туризмни ривожлантириш масаласига қаратилди. Ўзбекистон Туризм қўмитаси вакиллари “Туризм: денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган ривожланаётган мамлакатларда иқтисодий диверсификация ва инклюзивликни ҳаракатлантирувчи куч” мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этишди. Сессияда мамлакатнинг туризм соҳасидаги ютуқлари — инфратузилмани ривожлантириш, маданий меросни тарғиб қилиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича лойиҳалар тақдим этилди.

Шу тариқа, Ўзбекистоннинг "Аваза"да бўлиб ўтган БМТнинг III Конференциясидаги иштироки нафақат маданий бойликларни намойиш қилиш, балки барқарор ривожланишга қаратилган муҳим экологик ва иқтисодий ташаббусларни илгари суришга имкон яратди.

Киритилди: 11:27 12.08.2025. Ўқилди: 773 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!