Бугун 16 сентябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

«Атиргул» кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди

«Атиргул» кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида хотин-қиз журналистлар ўртасида ўтказилган «Атиргул» кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур ижодий танлов журналистика соҳасида фаолият юритаётган аёлларнинг касбий маҳорати, ижодий изланишлари ва жамият ҳаётидаги фаол иштирокини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Тақдирлаш маросимида «Атиргул» кўрик-танловининг 12 та номинацияси бўйича ғолиблар тантанали равишда тақдирланди.

Танлов давомида журналист аёлларнинг турли жанр ва йўналишлардаги ижодий ишлари нуфузли Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб, мазмуни, долзарблиги, касбий маҳорати ва ижодий ёндашуви билан ажралиб турган материаллар алоҳида эътироф этилди.

Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати — Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига янги қабул қилинган 25 нафар аёл журналистга аъзолик гувоҳномалари ҳам тантанали равишда топширилди.

Бу, ўз навбатида, журналистлар сафининг янги ижодкорлар билан кенгайиб бораётгани, уларнинг профессионал бирдамлик ва ҳамкорликка бўлган интилиши тобора ортиб бораётганидан далолат беради.

Бугунги кунда журналистика соҳаси тезкорлик, чуқур таҳлил, замонавий технологиялар ва янгича ижодий ёндашувни талаб этмоқда. Бу жараёнда хотин-қиз журналистларнинг ўзига хос нигоҳи, ижтимоий масалаларни ёритишдаги фаоллиги ва ижодий салоҳияти алоҳида аҳамият касб этади.

«Атиргул» кўрик-танлови ана шу салоҳиятни юзага чиқариш, журналист аёлларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш ва янги ижодий лойиҳалар учун имконият яратишга хизмат қилади.

Танлов нафақат ғолибларни аниқлаш учун, балки журналист аёлларни бирлаштириш, уларнинг ўзаро тажриба алмашиши, касбий ва ижодий имкониятларини янада кенгайтириш учун муҳим майдон сифатида ҳам аҳамиятлидир.

Зеро, жамиятдаги муҳим жараёнларни холис ва таъсирчан ёритиб келаётган аёл журналистларнинг меҳнати, изланиши ва фидойилигини эътироф этиш — журналистика тараққиётига берилган муносиб баҳодир.

«Атиргул» — аёл журналистларнинг истеъдоди, жасорати, маҳорати ва ижодий изланишларига берилган эътироф!

Киритилди: Бугун 09:35. Ўқилди: 325 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!