Астрахандаги хусусий уйда содир бўлган ёнғин оқибатида беш нафар бола ҳалок бўлди.
Бу ҳақда Телеграмда Россия Тергов қўмитасининг Астрахан вилояти бўйича бошқармаси хабар берди.
Астраханнинг Киров туманидаги Олховский кўчасида, маҳаллий вақт билан якшанба куни тунги соат иккида хусусий уйда ёнғин содир бўлган.
"Астрахан вилояти бўйича Россия Тергов қўмитасининг Астрахан шаҳри Киров тумани бўйича тергов бўлими томонидан ёнғин оқибатида тўрт нафар боланинг ўлими юзасидан процессуал текширув ўтказилмоқда," - дейилади хабарда.
Кейинроқ бошқарма ўт ўчирувчилар воқеа жойида бешинчи боланинг жасадини топганини қўшимча қилди.
Ҳалок бўлган болаларнинг онаси уйда бўлмаган, ҳозирда жиноят иши қўзғатиш масаласи ҳал қилинмоқда, ҳодисанинг барча тафсилотлари аниқланмоқда.