Ўзбекистонда асоссиз сабаблар билан судга келмаган мансабдор шахсларга нисбатан суд жарималари қўлланилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Қонунчилик палатасида 20 январь куни ўтказилган йиғилишда сўз борди.
Мажлисда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Лойиҳа билан маъмурий суд ишларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш, яъни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий, халқаро стандартларга мос механизмларини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга ҳамда «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу янгиликлар маъмурий суд ишларини юритиш самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган янги институт ва тартибларни жорий этишни назарда тутади.
Қонун лойиҳасига кўра, давлат органининг қарор ёки ҳужжатига ишониб, виждонан ҳаракат қилган фуқаро ёки тадбиркорнинг ҳуқуқлари қатъий ҳимоя қилинади. Давлат органи хатоси учун ҳалол фаолият юритган шахс жавобгар бўлмаслиги қонун даражасида мустаҳкамланади.
Шу билан бирга, маъмурий суд ишларини юритишда дастлабки эшитув институти жорий этилмоқда. Ушбу босқич суд муҳокамасигача далилларни тўплаш, даъво талабларини аниқлаштириш ҳамда тарафларни келиштириш имконини беради. Бу эса ишларни кўриш муддатларини қисқартириш ва ортиқча харажатларни камайтиришга хизмат қилади.
Лойиҳадаги яна бир муҳим янгилик — давлат органлари мансабдор шахсларининг суд мажлисларида мажбурий иштироки белгиланаётганидир. Асоссиз сабаблар билан судга келмаган мансабдор шахсларга нисбатан суд жарималари қўлланилиши назарда тутилмоқда. Бу давлат органлари масъулиятини ошириш, суд жараёнларида ҳақиқий тортишув ва очиқликни таъминлашга хизмат қилади, дейилади ахборотда.
Бундан ташқари, судга ҳурматсизлик қилганлик ёки суднинг хусусий ажримларини ижро этмаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш ваколати бевосита маъмурий судларнинг ўзига берилаётгани суд ҳокимиятининг нуфузи ва таъсирчанлигини янада мустаҳкамлаши қайд этилди.
Ташаббускорларнинг маълум қилишича, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Германия, Япония, Эстония ва Франция каби ривожланган давлатларнинг маъмурий адлия соҳасидаги илғор тажрибаси чуқур ўрганилган. Шунингдек, лойиҳа коррупцияга қарши ва гендер экспертизаларидан ўтказилган ҳамда жамоатчилик муҳокамасида қўллаб-қувватланган.
Мажлисда янги тартибларнинг жорий этилиши давлат органлари фаолияти устидан самарали суд назоратини таъминлаш, тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш ҳамда фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.