Сурияда Башар Асад режими қулаганидан тўрт кун ўтиб, Дамашқни ўз назоратига олган мухолифат кучлари мамлакатда узоқ вақтдан бери оммавий ишлаб чиқарилган гиёҳванд модда - Каптагоннинг катта захираларини фош этди.
«Ҳаят Таҳрир аш-Шам» бош қўмондони Аҳмад ал-Шараа (шунингдек, Абу Муҳаммад ал-Жулони номи билан ҳам танилган) сўнгги кунларда собиқ режимни Сурияни «дунёдаги етакчи Каптагон манбасига» айлантиришда айблади. У Каптагон ишлаб чиқариш ва сотишга чек қўйишга ваъда берди.
Каптагон нима ўзи?
Бу сўнгги йилларда асосан Сурияда ишлаб чиқарилган ва Форс кўрфази давлатларига контрабанда йўли билан олиб келинган, ўзига қарам қилувчи, амфетамин типидаги стимулятор.
Асад режими унинг савдосига алоқадорлигини рад этса-да, кузатувчиларга кўра, гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ва контрабандаси ҳокимиятдан ағдарилган президент ва унинг шерикларига миллиардлаб доллар олиб келган.