Виктория Вильярруэл 2026 йилги Жаҳон чемпионати ярим финали доирасида бўлиб ўтадиган Англия – Аргентина учрашуви олдидан кескин баёнот билан чиқди. У ижтимоий тармоқдаги саҳифасида инглизларни “қароқчиларнинг авлодлари” деди.
"Биз қароқчиларнинг авлодларига қарши майдонга тушамиз. Бу шунчаки навбатдаги ўйин эмас. Мен сиёсий жиҳатдан тўғри гапиришга ёки ўзимни тийиб туришга уринмайман: инглизларга қарши баҳс ҳар доим футболдан ҳам каттароқ маъно касб этади. Бу Малвина ороллари, бу Диего Марадона, бу Лео Мессининг сўнгги жаҳон чемпионати ва бу босқинчиларни тўхтатиш имконияти. Олға, Аргентина! Биз сўнгги нафасимизгача ўз ҳаққимизни талаб қиламиз", деб ёзди Вильярруэл.
Маълумот учун, 1982 йилда Буюк Британия ва Аргентина Фолкленд (Малвин) архипелаг учун уруш олиб борган. Қуролли можаро оқибатида 649 нафар аргентиналик ва 255 нафар британиялик ҳарбий ҳалок бўлган.
Ушбу футбол ўйини арафасида АҚШ Федерал қидирув бюроси (FBI), FIFA ҳамда маҳаллий полиция вакиллари қўшма йиғилиш ўтказиб, тарихий рақобат ва мухлислар ўртасида эҳтимолий тўқнашувлар хавфи сабабли ўйинни “энг юқори хавф” тоифасига киритган.