Араб давлатлари Исроил сиёсатчиларининг босиб олинган Ғарбий Соҳилни аннексия қилиш чақириқларини кескин қоралади. Уларнинг фикрига кўра, бундай ҳаракатлар халқаро ҳуқуқни бузади ва минтақада барқарорликка жиддий таҳдид солади.
Фаластин расмий вакили Нобил Абу Рудайна бундай чақириқлар «ҳудудни вулқон отилишининг қиррасида ушлаб туришини» таъкидлади. У Исроил вазирларининг баёнотлари халқаро нормаларга зид эканлигини ва Фаластин масаласини йўқ қилиш стратегиясининг бир қисми эканлигини қайд этди.
Саудия Арабистони адлия вазири Ярив Левиннинг сўзларини қоралаб, яҳудий посёлка қурилиши бўйича ўз позициясини эслатди ва халқаро ҳамжамиятни Исроилга халқаро ҳуқуқ қоидаларига риоя қилиш учун босим ўтказишга чақирди.
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги Левиннинг баёнотларини «посёлка, мустамлака ва ирқчилик сиёсатининг намойиши» деб атади. Доҳа шунингдек, бундай баёнотлар халқаро ҳуқуқни қўпол бузаяптиганини таъкидлади ва аннексия режалари олдини олиш учун жаҳон даражасида ҳаракатларни бирлаштиришни талаб қилди.
Қувайт ҳам қаттиқ танқид билдириб, БМТ Хавфсизлик Кенгашини минтақада халқаро қонун устуворлигини ва хавфсизликни таъминлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга чақирди.
Олдинроқ Миср ва Иордания ҳам шунга ўхшаш баёнотлар билан чиқиш қилган эди.
Исроил ҳукмрон коалицияси аъзолари томонидан аннексия чақириқлари илгари сурилмоқда. “Ликуд” партияси барча вазирлари Биньямин Нетаняхуга Ғарбий Соҳилни ой охиригача — парламент ёзги таътилга кетишидан олдин аннексия қилиш талаби билан мактуб юборди. Мактубда «тарихий ютуқлардан кейин қатъий ҳаракатлар қилиш вақти келди» дейилади.
Адлия вазири Ярив Левин ҳам «аннексия вақти келди» деб эълон қилиб, бу «тарихий имкониятни бой бермаслик кераклигини» таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вазият — ноёб имконият бўлиб, уни инкор этиб бўлмайди.