АҚШнинг Венесуэладаги қисқа муддатли мақсади Хитой, Россия, Эрон ва Куба каби рақибларига нефт етказиб беришни тўхтатиш — CNN.
Режалардан хабардор бўлган икки манба CNN'га Трамп маъмурияти Венесуэладаги нефт ва энергетика объектларини ҳимоялаш учун АҚШ қўшинларини юбориш ўрнига хусусий ҳарбий пудратчиларни жалб этишга тайёргарлик кўраётгани, бу эса минтақада тажрибага эга ва маъмурият билан алоқалари бўлган хавфсизлик компаниялари учун катта молиявий имкониятлар яратиши мумкинлигини маълум қилган.
Ушбу объектларни қандай ҳимоялаш масаласи бўйича муҳокамалар ҳали дастлабки босқичда. Шунга қарамай, вазиятдан хабардор шахснинг билдиришича, бир қатор хусусий хавфсизлик компаниялари аллақачон Венесуэладаги АҚШ иштироки режасига қўшилиш учун рақобатни бошлаб юборган.
CNN'нинг хабар беришича, Венесуэладаги қисқа муддатли мақсад бироз бошқача кўринмоқда. Трамп омма олдида АҚШ Венесуэладаги нефтга “эгалик қилишини” айтган бўлса-да, бир нечта манбалар асл ният Россия, Хитой, Эрон ва Куба каби АҚШ рақибларига нефт оқимини тўсиш эканини билдирган.
Манбаларга кўра, режанинг бир қисми ҳозирда Венесуэлада сақланаётган нефтнинг мамлакат ҳудудида қолишини таъминлашни назарда тутади. Агар сиёсий ўтиш даври шароитида америкалик компаниялар Венесуэлага қайтаса, айнан шу вазифа хусусий пудратчилар зиммасига юкланадиган хавфсизлик миссиясининг бир қисми бўлиши мумкин.