АҚШнинг Украинага қурол-яроғ етказиб бериши мамлакат ҳарбий захираларининг сезиларли даражада қисқаришига олиб келди. Бу ҳақда Military Watch Magazine нашри хабар берди.
Нашрга кўра, Украина Қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш АҚШда мавжуд захираларни жиддий равишда камайтирган. Шу билан бирга, ёрдам ҳажми ҳам кескин пасайган.
Агар аввал Украинага ажратилаётган ёрдам ўнлаб миллиард доллар билан ҳисобланган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич юзлаб миллион доллар атрофида қолмоқда. Хусусан, 2025 йилнинг дастлабки ўн ойида АҚШ Украинага тахминан 580 миллион доллар ёрдам кўрсатган. Бу 2024 йилнинг шу даврида ажратилган 45,7 миллиард долларга нисбатан ўнлаб баробар кам.