GLP-1 гуруҳига мансуб озиш препаратлари таъсирида йўловчиларнинг ўртача вазни 10 фоизга камайиши АҚШнинг энг йирик тўртта авиакомпаниясига йилига 580 миллион долларгача маблағ тежаш имконини бериши мумкин.
The Financial Times нашри келтирган маълумотига кўра, бу ҳақда нашрнинг тегишли таҳлилий материалида сўз боради.
Мақолада таъкидланишича, шартли равишда Boeing 737 Max 8 самолёти бортидаги 178 нафар йўловчининг ўртача вазни 10 фоизга камайса, самолётнинг учиш пайтидаги умумий оғирлиги 2 фоизга пасайиши мумкин. Бу эса ёқилғи сарфини қисқартиришга хизмат қилиши эҳтимолдан холи эмас.
Нашр қайд этишича, авиакомпаниялар самолётлар оғирлигини камайтириш учун турли чораларни кўрмоқда. Улар таомлардан зайтунни олиб ташламоқда, енгилроқ идишлардан фойдаланмоқда ва ичимликлар ташиладиган аравачалар оғирлигини камайтирмоқда.
Масалан, United Airlines авиакомпанияси борт журнали учун юпқароқ қоғоздан фойдаланишни бошлаганида, йилига қарийб 300 минг долларлик ёқилғи тежалган.
Таъкидланишича, ёқилғи нархлари юқори бўлиб турган бир пайтда бундай тежамкорлик муҳим аҳамият касб этади. Авиакомпаниялар тежалган оғирлик ҳисобига бўшаган имкониятдан тижорат юкларини ташиш учун ҳам фойдаланиши мумкин. Яқин Шарқдаги можаро бошланганидан кейин бундай юкларни ташиш тарифлари кескин ошган.
Бироқ бу тенденциянинг салбий томони ҳам бор. Озиш учун препаратлар қабул қилаётган йўловчилар самолёт бортидаги газаклар ва газланган ичимликларни камроқ сотиб олмоқда. Илгари ушбу маҳсулотлар авиакомпанияларга сезиларли қўшимча даромад келтирар эди.