АҚШнинг стратегик нефть захиралари 23 октябрда якунланган ҳисобот ҳафтаси охирида 282,6 миллион баррелгача камайди.
Бу ҳақда АҚШ Энергетика вазирлиги маълумотларида келтирилган.
Шу билан бирга, стратегик захиралар 1982 йил октябридан бери кузатилмаган энг паст кўрсаткичларни янгилашда давом этмоқда.
Ҳисобот ҳафтаси давомида АҚШнинг стратегик нефть захиралари қарийб 100 минг баррелга қисқарган. Бундан ҳам паст кўрсаткич 1982 йилда, 15 октябрда якунланган ҳисобот ҳафтаси охирида қайд этилган бўлиб, ўша вақтда захиралар 280,802 миллион баррелни ташкил этган.
АҚШнинг стратегик нефть захиралари жорий йил август ойи охиридан бошлаб 1982 йилдаги энг паст кўрсаткичларни янгилай бошлаган. Октябрь ойи бошида эса бу кўрсаткич 283 миллион баррелгача тушган.
АҚШнинг стратегик нефть захираси 1975 йилда, жаҳон энергетика инқирозидан кейин, Конгресс қарори билан келгусида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларда фойдаланиш мақсадида ташкил этилган.