Ўн тўрт ёшли америкалик мактаб ўқувчиси тери саратонини бартараф этишда самарали таъсир кўрсатадиган совун ишлаб чиқди.
Ишланма “Young Scientist's Challenge” танловида бош мукофот билан тақдирланди.
Хеман Бекеленинг оиласи унинг тўрт ёшлигида Эфиопиядан АҚШга кўчиб ўтган. Бироқ, болакай ўз юртида кун бўйи жазирама қуёш остида меҳнат қилган одамларни эслади. Мазкур хотиралар уни ана шундай ихтирога илҳомлантирди.
Совун тери орқали организмнинг иммунитет тизимини фаоллаштирадиган ва саратон ҳужайраларига қарши курашишга ёрдам берадиган дориларни етказиб беради. Асосий фаол моддаси имидазохинолин бўлиб, у илгари тиббиётда турли касалликларни даволашда ишлатилган.
Совун таркибида липидга асосланган нанозаррачалар ҳам мавжуд бўлиб, улар шифобахш бирикмаларнинг терида узоқ вақт қолишига имкон беради.
“Гап шундаки, совунни ювиб ташлаганингиздан кейин ҳам шифобахш компонентлар терингизда сақланиб қолади”, — деди ишланма муаллифи.
Липид нанозаррачалари кўпинча вакциналарда қўлланилади. Аммо уларни инъекция йўли билан танага киритиш шарт эмас. Терига суртилганда нанозаррачалар унинг юзасида кўринмас қатлам ҳосил қилади, бу эса фаол бирикмаларнинг кириб боришини осонлаштиради. Технологиянинг рақамли молекуляр синови юқори самарадорликни кўрсатди. Бироқ, лойиҳа муаллифи одамларда клиник синовлар ўтказиш учун ҳозирча рухсатга эга эмас. Хеман кейинги беш йил ичида совунни одамларда синаб кўриш учун рухсат олиш ва FDA сертификатини қўлга киритишга умид қилмоқда, деб хабар беради mir24.tv.