Нью-Йоркдан учган JetBlue рейси Форт-Лодердейл-Голливуд халқаро аэропортига қўнганидан сўнг шассисида (самолёт ғилдиракларида) икки кишининг жасади топилди, деб хабар берди CNN.
Жасадлар 6 январь куни кечқурун парвоздан кейинги техник кўрик ўтказилганда топилган, ҳодиса сабаблари ҳозирча аниқланмаган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг айтишича, Броуард округи тиббий экспертизаси идораси икки кишининг ўлими сабабини аниқлаш учун аутопсия ўтказади.
Бу охирги ойлардаги биринчи ҳолат эмас. CNN маълумотларига кўра, бундан икки ҳафта олдин United Airlines авиакомпаниясининг Чикагодан Гавайига учаётган самолётининг қўниш шассисида ҳам жасад топилган.