Рақамли трансформация халқаро савдо муносабатларини ҳам, улардан келиб чиқадиган низоларни ҳал этиш усулларини ҳам янгиламоқда. Сунъий интеллект ҳужжатларни таҳлил қилиш, ҳуқуқий тадқиқот олиб бориш ва процессуал жараёнларни бошқаришда янги имкониятлар яратмоқда. Шу билан бирга, махфийлик, тарафлар тенглиги, алгоритмик хатолар ва профессионал жавобгарлик билан боғлиқ мураккаб саволларни ҳам кун тартибига олиб чиқмоқда.
Ушбу масалалар юзасидан АҚШда фаолият юритаётган ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Фарангиз Разакова билан суҳбатлашдик. У Тошкент давлат юридик университетида бакалавр, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида магистратура босқичини тамомлаган. «Эл-Юрт Умиди» жамғармаси стипендияси асосида Pennsylvania State University’нинг Penn State Law мактабида LL.M. даражасини олган.
Фарангиз Разакова иқтисодий суд амалиёти ва адлия тизимида иш тажрибасига эга. У халқаро тижорат арбитражида махфийлик, халқаро ҳуқуқ, миграция ва низоларни муқобил ҳал этиш масалаларига бағишланган илмий ишлар муаллифи. 2026 йилда Tashkent State University of Law талабалари учун Америка шартнома ҳуқуқида шартномагача бўлган музокаралар мавзусида меҳмон маъруза ўқиган ҳамда 40 соатлик медиаторлик тайёрлов курсини тамомлаган. Ҳозирда Пенсилвания штатида рўйхатдан ўтган FEMIDA LLC компаниясининг асосчиси ва бошқарувчи консультанти сифатида халқаро ва қиёсий ҳуқуқ, шартномалар, трансчегаравий битимлар ва низоларни ҳал этиш масалалари бўйича ҳуқуқий тадқиқотлар олиб боради.
— Фарангиз, суҳбатимизни бугунги куннинг энг қайноқ мавзуси бўлган технологиялардан бошласак. Технологиялар ва сунъий интеллект ҳуқуқ амалиётини, хусусан, халқаро тижорат арбитражини қай даражада ўзгартирмоқда?
— Биласизми, ахборот технологиялари ва замонавий бизнес шу даражада узвий боғланиб кетдики, бугун уларни бир-биридан асло тасаввур қилиб бўлмайди. Илгари ҳуқуқшунослар учун техник воситалар шунчаки ёрдамчи механизм бўлган бўлса, ҳозир амалиётда улардан фойдаланиш ихтиёрий танлов босқичидан ўтиб бўлди. Бу профессионал муваффақият ва барқарорлик учун фундаментал талабга айланди.
Халқаро тижорат арбитражида низоларни ҳал қилиш муддатлари ва харажатларни қисқартириш доимий равишда асосий муаммо ҳисобланади. Сунъий интеллект айнан мана шу жараёнларни тезроқ, самаралироқ ва арзонроқ қилиш салоҳиятига эга. СИ тизимлари ёрдамида прогнозлаш имконияти ошади, бу эса асоссиз даъволарни камайтиради ва тарафларни низони эрта босқичда келишув билан якунлашга ундайди.
— Сунъий интеллектнинг айнан қайси функционал имкониятлари халқаро арбитраж амалиётида кенг қўлланилмоқда?
— Асосий йўналишларни учта йирик гуруҳга бўлиш мумкин: маълумотлар аналитикаси ва ҳуқуқий тадқиқотлар, процессуал самарадорлик ҳамда башоратли (predictive) таҳлил.
Катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш орқали СИ адвокатларни йиллар давомида механик тарзда бажариб келинган ва кўп вақт оладиган ишлардан халос қилади. Масалан, "disclosure" деб аталадиган маълумотларни ошкор қилиш босқичида юз минглаб ҳужжатларни кўриб чиқиш, махфий сирларни ёки шахсий маълумотларни ўчириш, имтиёзли ҳужжатларни ажратиш каби мураккаб ишларни СИ бир неча соат ичида бажаради. Шунингдек, у гувоҳлар билан суҳбатларни таҳлил қила олади ва кўрсатмаларнинг дастлабки лойиҳаларини тайёрлашга кўмаклашади. Ҳуқуқшунослар эса вақтларини кўпроқ стратегик, интеллектуал ва юқори қийматга эга бўлган ишларга — таҳлил ва ижодий фикрлашга қаратиш имкониятини қўлга киритадилар.
— Амалий тажрибангизга назар ташласак. Сиз ўтмишда Тошкент туманлараро иқтисодий судида амалиёт ўтагансиз, шунингдек, адлия тизимида, аниқроғи ФҲДЁ органларида ижрочи ёрдамчи бўлиб ишлагансиз. Ушбу миллий тажрибангиз сизга бугунги халқаро ва рақамли ҳуқуқ амалиётида қандай ёрдам беряпти?
— Жудаям ўринли савол. Тошкент туманлараро иқтисодий судидаги амалиётим давомида мен реал иқтисодий низоларнинг келиб чиқиш табиати, аризаларни қабул қилиш, суд мажлисларининг ўтказилиши ва далиллар билан ишлаш жараёнининг амалий занжирини ичкаридан ўргандим. Бу менга низоларни таҳлил қилишда фақат назарияга таянмай, унинг реал иқтисодий оқибатларини кўра олиш қобилиятини берди.
ФҲДЁ (адлия) тизимидаги фаолиятим эса архивлар билан ишлаш, қоғоздаги оригинал маълумотларни электрон ахборот тизимлари билан солиштириш, хатоликларни тузатиш ва энг муҳими — хизмат сири ҳисобланган маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш каби жуда қатъий тартиб-таомиллар мактаби бўлди. Бугунги кунда СИ билан ишлашда "Veracity" — яъни маълумотларнинг аниқлиги ва ҳақиқийлиги масаласи энг катта муаммолардан биридир. Ўша пайтдаги тизимли ва аниқ маълумотлар билан ишлаш тажрибам ҳозирда халқаро консалтингда, айниқса рақамли ҳужжатлар айланмаси ва арбитражда маълумотларнинг махфийлиги хавфларини баҳолашда жуда қўл келмоқда. Давлат органларидаги тизимлилик ва тартиб халқаро даражада ҳам ишингиз сифатини кафолатлайди.
— Фарангиз, халқаро арбитражда тарафларнинг тенглиги (due process) принципи жуда муҳим. Йирик корпорациялар ва кичик бизнес субъектлари ўртасидаги низоларда СИдан фойдаланиш ушбу мувозанатни бузмаяптими? Халқаро тажрибада бу муаммо қандай намоён бўлмоқда?
— Бу жуда долзарб масала. UNCITRAL намунавий қонунининг 18-моддаси ва 1958 йилги Нью-Йорк конвенцияси ҳар бир тарафга ўз позициясини ҳимоя қилиш учун тўлиқ ва адолатли имконият берилишини кафолатлайди. Бироқ, амалиётда сунъий интеллект «рақамли тенгсизлик» муаммосини келтириб чиқармоқда. Йирик корпорациялар миллионлаб долларлик, катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилувчи (predictive coding) дастурлардан фойдаланиб, сониялар ичида мукаммал аргументлар тўпламини шакллантиради. Молиявий ресурслари чекланган кичик бизнес эса бундай қиммат технологияларни сотиб ололмайди ва анъанавий тадқиқот усулларида қолиб кетади. Натижада, қоғозда тенг ҳуқуқли бўлган тарафларнинг реал технологик имкониятлари мутлақо тенг бўлмайди.
Ҳозирда Лондон халқаро арбитраж суди (LCIA) ва Халқаро савдо палатаси (ICC) каби институтлар рақамли ошкораликни таъминлаш устида ишламоқда. Агарда технологик устунлик қарши тарафнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини амалда йўққа чиқарса, бу келажакда арбитраж қарорини адолатсиз деб топиш ва уни бекор қилиш учун жиддий асос бўлиши мумкин. Ўзбекистонда ҳам ҳуқуқий жараёнларга СИ технологияларини татбиқ этишда мана шундай процессуал мувозанат фильтрларини ҳисобга олишимиз зарур.
— Яна бир масала — махфийлик тамойили. Сизнинг илмий ишингиз ҳам айнан халқаро арбитражда махфийлик муаммоларига бағишланган эди. Бугунги кунда оммавий сунъий интеллект моделларига кейс маълумотларини юклаш орқали тижорат сирларининг чиқиб кетиши хавфи қандай ҳал этиляпти?
— Ўзбекистоннинг «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Қонуни 53-моддасида арбитраж жараёнининг мутлақо махфийлиги белгиланган. Аммо бугунги кунда кўплаб ҳуқуқшунослар ўз ишларини осонлаштириш учун ёпиқ ёзишмаларни, трансчегаравий шартномаларни ёки махфий молиявий ҳисоботларни ChatGPT ёки Claude каби очиқ СИ моделларига юкламоқдалар. Маълумотлар тизимга кирган занжирда платформа провайдерининг серверига бориб тушади ва алгоритмнинг кейинги авлодларини ўқитиш учун ишлатиладиган умумий базага айланади. Бу эса тижорат ва корпоратив сирларнинг учинчи шахсларга сизиб чиқишига олиб келади.
Халқаро амалиётда бундай хавфларга қарши икки томонлама чора кўрилмоқда. Биринчидан, бизнинг FEMIDA LLC каби профессионал консалтинг корхоналари маълумотларни ташқи серверларга узатмайдиган ёпиқ, локал нейрон тармоқлар (Enterprise AI) тизимидан фойдаланишга ўтмоқда. Иккинчидан, арбитраж шартномаларини тузиш босқичида томонлар маълумотларни оммавий СИ моделларига юклашни қатъиян тақиқловчи махсус «Рақамли махфийлик ва СИ шартлари» (AI Disclosure Clauses) бандларини киритишни бошладилар. Миллий юридик ҳамжамиятимиз ҳам корпоратив хавфсизлик учун ушбу чорани тезроқ ўзлаштириши лозим.
— СИнинг арбитраж соҳасига кириб келиши ҳуқуқий жиҳатдан қандай рисклар ёки чекловларни юзага келтиради? Ҳар қандай технологияни ҳам чекланмаган ҳолда қўллаш мумкин эмасдир?
— Албатта, чекловлар етарли. Маълумотлар мутахассислари тилида Big Dataнинг тўртта устуни бор: Ҳажм, Хилма-хиллик, Тезлик ва Ҳақиқийлик. Булар сунъий интеллектнинг ҳуқуқий қарорлар қабул қилишдаги ички чекловларини ҳам белгилаб беради.
Халқаро тижорат арбитражининг табиатидан келиб чиқадиган энг катта тўсиқ — бу маълумотларнинг етишмаслиги. Арбитраж жараёнлари аксарият ҳолларда махфий бўлгани учун қарорлар оммага эълон қилинмайди. Эълон қилинмаган ёпиқ қарорлар базасида эса СИни мукаммал ўқитиш ва аниқ моделлар яратиш жуда қийин.
Иккинчидан, СИ такрорланадиган, бир хил андозадаги (repetitive) кейсларда ва стандарт таҳлилларда яхши ишлайди. Аммо халқаро тижорат арбитражидаги низолар кўпинча ноёб, ўзига хос ва жуда мураккаб тузилмага эга бўлади. Уларни оддий «ҳа» ёки «йўқ» деган қолипларга солиб бўлмайди. Ҳар бир низо ўзига хос таҳлилни ва инсоний мулоҳазани талаб қилади.
— Охирги пайтларда профессионал ҳуқуқий ҳамжамиятда «сунъий интеллект инсон ҳакамлар (арбитрлар) ўрнини эгаллаши мумкинми?» деган глобал баҳслар кетмоқда. Бунга муносабатингиз қандай?
— Мен бу саволга қатъий равишда «йўқ» деб жавоб берган бўлардим, ҳеч бўлмаганда технологиянинг ҳозирги ривожланиш босқичида. Ҳа, бугунги кунда дунёда аризани топширишдан тортиб якуний қароргача тўлиқ онлайн тарзда СИ орқали ҳал қиладиган платформалар пайдо бўлди. Улар жуда арзон ва тезкор ечимларни ваъда қилмоқда.
Бироқ, ишончлилик ва шаффофлик масаласи очиқ қолмоқда. Энг асосийси — машиналарда инсоний фазилатлар: эмпатия, ҳиссий тушуниш ва ҳаётий тажриба мавжуд эмас. Ҳуқуқий низоларда адолат ва тенгликни таъминлашда бу омиллар кўпинча ҳал қилувчи роль ўйнайди. Шунинг учун СИ арбитрлар ўрнини босувчи куч эмас, балки уларга кўмаклашувчи энг самарали ёрдамчи восита бўлиб қолиши шарт. Якуний қарор инсон иродаси ва тафаккури назоратида бўлиши лозим.
— Яна бир муҳим жиҳат: ҳуқуқшуносларнинг профессионал масъулияти ва ҳуқуқий эволюцияга СИнинг таъсири қандай бўлади? Масалан, СИнинг хато қилиши ёки «галлюцинация» ҳолатлари амалиётда қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
— Бу жуда нозик ва жиддий масала. Агар ҳуқуқшунос СИ берган натижаларга кўр-кўрона ишониб, уларни қайта текширмаса, бу касбий масъулиятсизликка киради. СИ галлюцинациялари — яъни мавжуд бўлмаган нормалар ёки прецедентларни тўқиб чиқариши амалиётда кўп кузатилган. Адвокат ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз ишининг якуний натижаси ва тақдим этаётган далиллари учун шахсан ва ҳуқуқан жавобгардир. СИ тизимларидан фойдаланганда эҳтиёткорлик ва чуқур таҳлил талаб этилади.
Иккинчи аргумент эса халқаро ҳуқуқнинг ривожланиши билан боғлиқ. Тарихан халқаро арбитраж шунчаки низоларни ҳал қилиш форуми бўлмай, халқаро савдо ҳуқуқининг (lex mercatoria) эволюциясини таъминловчи манба бўлиб келган. Арбитрлар қонун нормаларини ўзига хос тарзда талқин қилиб, ҳуқуқни бойитадилар. Агар ҳамма нарса сунъий интеллект алгоритмига топширилса, ҳуқуқий аргументларнинг хилма-хиллиги йўқолади, инсоний ижодкорлик чекланади ва натижада халқаро ҳуқуқнинг табиий ривожланиш жараёни тўхтаб қолиши мумкин.
— Ўзбекистон нуқтайи назаридан олиб қараганда, мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш ва халқаро арбитражни ривожлантиришда СИнинг ўрни қандай бўлиши керак? Бизда бу борада ҳуқуқий база яратилганми?
— Ўзбекистонда бу борада тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Давлатимиз халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишда халқаро тижорат арбитражининг ролини яхши англайди. Бизда сунъий интеллект технологияларини жорий этишнинг ҳуқуқий ва институционал асослари яратилган, хусусан, Президентимизнинг ПҚ-4996-сонли қарори ҳамда «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шунингдек, 2026 йилнинг январь ойида Ўзбекистонда турли соҳаларда, шу жумладан ҳуқуқий жараёнларда сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш, шаффофлик ва маълумотлар ҳимоясини тартибга солувчи янги қонун қабул қилинди.
Бу ислоҳотлар Ўзбекистоннинг инвестиция жозибадорлигини ошириш билан бирга, низоларни ҳал қилиш механизмларига ҳам янгича ёндашувни талаб қилади. Мен Ўзбекистон халқаро арбитраж ҳамжамиятида етакчи юрисдикцияларнинг бирига айланиши учун бир нечта тавсияларни илгари сурган бўлардим:
Келажак инсоний тажриба ва технологик тараққиётнинг ўзаро мувозанатли ҳамкорлигига асосланади. Сунъий интеллект бизнинг ишимизни осонлаштириши, тезлаштириши мумкин, бироқ у ҳеч қачон инсон одиллиги ва қонун устуворлиги принципларининг ўрнини боса олмайди.
Жалолиддин Исматов суҳбатлашди.