АҚШ «Тайвандаги кутилмаган вазият»га тайёр туриш учун Япониянинг Нансэй ороллари ва Филиппинда вақтинчалик ҳарбий базалар яратиб, у ерга ракета бўлинмаларини жойлаштиради. Бу ҳақда Япониянинг Kyodo агентлиги хабар берди.
Таъкидланишича, ушбу чоралар АҚШ ҳамда Япония ўртасидаги биринчи қўшма операция режасига киритилади. Мазкур режа декабр ойида ишлаб чиқилиши керак.
Нансэй ороллар занжири ёки Жануби-ғарбий ороллар Япониянинг Кагосима ва Окинава префектураларининг Тайван томонида жойлашган. Агентлик манбаларига кўра, ороллардаги базаларга жойлаштирилиши режалаштирилаётган АҚШ Денгиз пиёдалари корпуси ихтиёрида HIMARS ялпи ўт очиш тизимлари ҳам бўлади.
Япония мудофаа кучлари асосан Америка бўлинмаларининг моддий-техник, жумладан, ёнилғи ва ўқ-дорилар таъминоти билан шуғулланиши кутилмоқда.
АҚШ Қуролли кучлари Филиппинга эса кўп мақсадли тезкор гуруҳини жойлаштиради. Бундай бўлинмалар турли — ҳаво, ерда, сувда, космик ва ахборот маконларида ҳаракат қилишга мўлжалланган.
2023 йил февралда АҚШ ва Филиппин мамлакатдаги Қўшма Штатлар Қуролли кучлари фойдаланадиган ҳарбий базалар сонини бештадан тўққизтагача ошириш бўйича битим имзолаган эди. «Ушбу ҳарбий базалар Тайванда фавқулодда вазият юзага келганда фаоллашади», — дейилади хабарда.