АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти АҚШ визасига ариза беришда фуқароларидан 5000 дан 15000 долларгача бўлган гаров пули тўлашни талаб қиладиган мамлакатлар рўйхатига яна 25 та давлатни қўшди, деб хабар беради Анадолу агентлиги.
АҚШ Давлат департаментининг расмий сайтида эълон қилинган маълумотларга кўра, виза олиш учун ариза беришда гаров пули тўлаш талаби 21 январдан кучга киради.
Янги талаб қўлланилган мамлакатлар қаторига Жазоир, Ангола, Антигуа ва Барбуда, Бангладеш, Бенин, Бурунди, Кабо-Верде, Кот-д’Ивуар, Куба, Жибути, Доминика, Фижи, Габон, Қирғизистон, Непал, Нигерия, Сенегал, Тожикистон, Того, Тонга, Тувалу, Уганда, Вануату, Венесуэла ва Зимбабве кирди.
Ушбу мамлакатлардан келган аризачилар 5000 дан 15000 долларгача гаров пули тўлашлари шарт. Гаров суммаси виза суҳбати натижаларига қараб белгиланади.
Департамент гаров пули тўлаш виза берилишини кафолатламаслигини таъкидлади. Шунингдек, ваколатли мансабдор шахснинг розилигисиз амалга оширилган тўловлар қайтарилмайди.
Ушбу қарор билан гаров депозитини талаб қиладиган мамлакатларнинг умумий сони 38 тага етди.
Уларнинг аксарияти Африкада, баъзилари эса Лотин Америкаси ва Осиёда жойлашган.
Бундан ташқари, АҚШ расмийлари илгари 2025 йил декабрь ойидан бошлаб визасиз кириш дастурида иштирок этадиган 42 мамлакатдан келган сайёҳлар бўйича сўнгги беш йил ичидаги ижтимоий тармоқ маълумотларини таҳлил қилишни режалаштираётганликларини эълон қилишган эди. Бу мамлакатлар қаторига Буюк Британия, Франция, Германия ва Жанубий Корея киради.