17 апрел куни АҚШ Давлат департаменти делегацияси Куба расмийлари билан яширин музокаралар ўтказиш учун 10 йил ичида илк бор Гаванага ташриф буюрди, деб хабар беради нашр.
Давлат департаменти юқори лавозимли мулозимининг сўзларига кўра, ташриф доирасида бир нечта учрашувлар ташкиллаштирилган, жумладан, Кубада сиёсий таъсирини сақлаб қолаётган собиқ давлат раҳбари Раул Кастронинг набираси Раул Гильермо Родригес Кастро билан ҳам музокаралар ўтказилган.
"Америкаликлар “Куба иқтисодиёти эркин қулаши жараёнида” эканини баён қилиб, орол раҳбариятини вазият “орқага қайтариб бўлмайдиган даражада ёмонлашишидан олдин” АҚШ кўмагида демократик ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш учун чекланган “имкониятлар дарчаси”дан фойдаланишга чақирган, дейилади Axios хабарида.
АҚШ Давлат департаменти вакиллари, шунингдек, сиёсий маҳбусларни озод қилишни ҳамда 1959 йилги инқилобдан кейин активлари ва мол-мулклари мусодара қилинган АҚШ фуқаролари ва корпорацияларига товон пули тўлашни талаб қилган. Шу билан бирга, мулозимлар хорижий разведка, ҳарбий ва террорчи гуруҳлар АҚШ ҳудудидан юз милдан камроқ масофада Куба ҳукуматининг рухсати билан фаолият юритаётганидан хавотир билдирган.
Ушбу талаблар бажарилиши эвазига америкаликлар савдо эмбаргосини бекор қилишни муҳокама қилиш ва SpaceX компаниясига тегишли Starlink сунъий йўлдош алоқасидан фойдаланиш имкониятини беришни таклиф қилган.