АҚШ ҳукумати Ўзбекистон халқаро аэропортларига авиация хавфсизлиги ва чегара назоратини кучайтириш мақсадида замонавий портловчи моддалар изларини аниқлаш ускуналарини бепул тақдим этди.
Uzbekistan Airports маълум қилишича, АҚШнинг Экспорт назорати ва чегара хавфсизлиги (EXBS) дастури доирасида 12 та LEIDOS русумидаги портловчи моддалар изларини аниқлаш анализатори топширилди. Лойиҳа АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Транспорт хавфсизлиги маъмурияти (TSA) билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Янги ускуналар Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларида юклар, почта жўнатмалари, рўйхатдан ўтказиладиган юклар ва йўловчиларнинг қўл юкларини текширишда портловчи моддалар изларини аниқлаш учун қўлланилади.
Uzbekistan Airports таъкидлашича, мазкур анализаторлар текширув жараёнларининг самарадорлигини ошириш, авиация хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда мамлакат аэропортларининг халқаро авиация хавфсизлиги стандартлари ва тавсияларига мувофиқлигини таъминлашга хизмат қилади.
«Америкалик ҳамкорларимиз билан конструктив ҳамкорлигимизни юксак қадрлаймиз. Бу ҳамкорлик замонавий технологияларни жорий этиш, авиация хавфсизлиги ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш ва авиация хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имконини бермоқда», — деди Uzbekistan Airports бошқаруви раиси ўринбосари Беҳзод Юсупов.
Маълум қилинишича, ушбу ускуналар АҚШ ҳукуматининг EXBS дастури доирасида бепул тақдим этилган. Дастур шерик давлатларда экспорт назорати, чегара хавфсизлиги ва стратегик савдо бошқарувини ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган.
Uzbekistan Airports келгусида ҳам АҚШ муассасалари билан билим алмашиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва мамлакат авиация хавфсизлиги инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштирмоқда.