АҚШ маъмурияти Украина ҳарбийларининг «Спейс-Икс» компаниясига тегишли «Старшилд» сунъий йўлдош алоқа тизимидан фойдаланишини чеклаш бўйича кўрсатма берган. Бу ҳақда «Рейтер» агентлиги америкалик икки ва ғарблик бир манбага таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, чекловлар Украина армиясининг жанг майдонида алоқа ўрнатиш ва юқори тезликда ҳаракатланувчи дронларни бошқариш имкониятларига таъсир қилмоқда. «Старшилд» — «Старлинк»нинг АҚШ давлат идоралари ва мудофаа тузилмалари учун ишлаб чиқилган ҳарбий версияси.
Украина Мудофаа вазирлиги вакили пайшанба куни айрим терминаллар транспорт воситалари ҳаракатланаётганда ишлаётганини, бироқ тезлик соатига 160 километр билан чекланганини маълум қилган. Украина расмийлари чекловлар Россия қўшинлари, таъминот йўллари ва босиб олинган ҳудудлардаги логистика объектларига зарба беришни қийинлаштирганини билдирган.
АҚШ маъмуриятида ушбу қарорни ким қабул қилгани ва уни амалга ошириш учун қайси идора масъул экани ҳозирча аниқ эмас.
Чекловлар ортидаги сиёсий келишмовчиликлар
«Рейтер» хабарига кўра, бу чора АҚШ президенти Дональд Трампнинг Киевга Россия нефтьни қайта ишлаш заводларига ҳужумларни тўхтатиш бўйича босими кучайган бир пайтда амалга оширилган. Трамп бундай зарбалар энергия нархларининг ошишига таъсир қилаётганини таъкидлаган.
Бироқ мутахассислар энергия нархларининг кўтарилишини, асосан, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши ҳамда Ҳурмуз бўғози орқали юк ташишдаги узилишлар билан боғламоқда.
«Спейс-Икс» раҳбари Илон Маскнинг айтишича, «Старшилд» тизимлари АҚШ ҳукуматига тегишли ва унинг назоратида бўлгани учун уларнинг ишлаш шартларини Америка ҳарбийлари ёки президент белгилайди.
АҚШ ва Украина ўртасидаги муносабатлар ҳам сўнгги кунларда кескинлашган. Агентлик маълумотига кўра, 9 октябрь куни Майамида АҚШ, Украина, Европа ва Жаҳон банки вакиллари иштирокида ўтган учрашувда Вашингтон Киевнинг Россия нефтьни қайта ишлаш заводларига ҳужумларни давом эттираётганидан норозилигини билдирган.
Шунингдек, Трамп ва Украина президенти Владимир Зеленский ўртасида ҳам ўзаро танқидлар кучайган. Зеленский АҚШ босими остида истеъфога чиқмаслигини билдирган.
«Рейтер» келтирган маълумотларга кўра, «Старшилд» хизматларига қўйилган чекловлар Украина армиясининг айрим дронлардан фойдаланиш самарадорлигига, жумладан, Россиянинг «Шаҳид» учувчисиз аппаратларига қарши қўлланадиган тутиб олувчи дронлар фаолиятига ҳам таъсир кўрсатган.