Reuters агентлиги бу ҳақда Қўшма Штатларнинг Суриядаги махсус вакили Томас Баракка таяниб хабар бермоқда.
Сурия Мудофаа вазирлигининг уч нафар расмийсига кўра, тахминан 3,5 минг нафар хорижлик жангари, жумладан Марказий Осиё давлатлари фуқаролари Сурия армиясининг янги тузилаётган 84-дивизияси таркибига киритилади. Дивизияга суриялик фуқаролар ҳам жалб этилади.
Сурия ҳукуматига яқин манбаларнинг маълум қилишича, президент Аҳмад аш-Шараа ва унинг иттифоқчилари Ғарб давлатларини хорижлик жангариларни армияга қўшиш орқали уларнинг халқаро террористик гуруҳларга қайта қўшилиш хавфи камайишини ишонтиришга муваффақ бўлган.
"Гап, жумладан, Башар Асадга қарши курашган ва ўтган йили у ҳокимиятдан ағдарилгач, мамлакатни эгаллаган гуруҳ – “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” аъзолари ҳақида бормоқда. Бу гуруҳ ҳокимият алмашувида муҳим рол ўйнаган эди", дея хабар бермоқда Reuters.
"Биз ушбу масалада шаффофлик асосида ўзаро келишувга эришдик. Агар улар янги ҳукуматга содиқлигини билдираётган бўлса, уларни ташқарида эмас, давлат тузилмаларида сақлаб қолиш мақсадга мувофиқ", — деди Барак.