АҚШ администрацияси Руминияга 32 та янги турдаги F-35 қирувчи самолётларини сотишни маъқуллади. АҚШнинг Бухарестдаги элчихонасига кўра, Украина билан чегарадош бўлган Руминия «Қора денгиз минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга ёрдам берадиган НАТОнинг марказий иттифоқчиларидан» ҳисобланади.
Америка дипломатик ваколатхонасининг қайд этишича, Руминия Lockheed Martin ҳарбий корпорацияси томонидан ишлаб чиқариладиган кўп мақсадли қирувчи самолётларни олиш орқали «ҳаво ҳужумидан мудофаа йўналишида мисли кўрилмаган салоҳиятга» эга бўлади. Қирувчи самолётларнинг дастлабки партияси Руминияга 2031 йилда етказиб бериш режалаштирилган.
АҚШ Давлат департаментининг маълумотларига кўра, шартноманинг умумий қиймати 7,2 миллиард долларни ташкил этади. АҚШнинг Бухарестдаги элчихонаси эса 6,4 миллиард долларлик шартнома тузилганини айтмоқда. Рақамлардаги номутаносиблик сабаби ҳозирча номаълум.
Бухарест F-35 қирувчиларини сотиб олиш истагини ўтган йили билдирган эди. Бу мамлакат қуролли кучлари тарихидаги энг қиммат харидга айланади.
НАТО ва Евроиттифоқ аъзоси бўлган Руминия шимол ҳамда шарқда Украина билан чегарадош. Украина, Молдова, Россия, Грузия, Туркия ва Болгария билан бирга Руминия ҳам Қора денгизга чиқа олади.