АҚШ разведкасига кўра, Россия стратегик авиабазаларга уюштирилган ҳужумларга жавобан яқин вақт ичида кенг кўламли янги зарбалар бериши мумкин. Бу ҳақда Reuters ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда. «АҚШ расмийлари Россиянинг бу ҳаракатга қарши жавоби ҳали олдинда, деб биладилар», — дейилади мақолада.
Нашрнинг исми ошкор этилмаган дипломатик манбаси бу сафар ҳужум Украинадаги давлат муассасаларига йўналтирилиши мумкинлигини айтган. Унинг қўшимча қилишича, бу орқали Киевга «аниқ сигнал» юбориш мақсад қилинмоқда. Ҳарбий таҳлилчи Майкл Кофман Россия "Орешник" ўрта масофали ракетаси билан Украина хавфсизлик хизматларининг биносига зарба беришини эҳтимол сифатида келтиради.
Яна бир юқори лавозимли ғарб дипломати Россиянинг фронтда янги ҳужум ҳаракатлари бошланишини тахмин қилган: «Бу ҳужум улкан, шафқатсиз ва қаттиқ бўлади», — деган у.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг аввалги йирик зарбаси 6 июнга ўтар кечаси амалга оширилган эди.