Semafor нашри бу ҳақда муҳокама жараёни билан таниш икки манбага таяниб хабар бермоқда.
"Вашингтон, шунингдек, БМТни ҳам худди шу йўлдан боришга чақириш имкониятини муҳокама қилмоқда", деб ёзади Семафор манбалари.
Нашрнинг қайд этишича, Доналд Трамп ҳозирча бу масала бўйича якуний қарор қабул қилмаган, аммо Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олиш имконияти унинг маъмурияти урушни тўхтатиш бўйича олиб бораётган жараёнда муҳокама қилинаётган "кўплаб вариантлардан бири" ҳисобланади.
Оқ уй Semafor'нинг бу хабар юзасидан сўровига жавоб беришдан бош тортди.
Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт 17 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Трамп жамоаси вакиллари Киев билан эҳтимолий ҳудудий имтиёзларни муҳокама қилганини тасдиқлади. Бироқ у батафсил маълумот бермади.
Эслатиб ўтамиз, феврал ойида Володимир Зеленский Украина учун ҳар қандай ҳудудий имтиёзларнинг юридик тан олиниши Киев учун “қизил чизиқ” эканини таъкидлаган эди.