АҚШ Миллий разведкаси хориждаги 120 дан ортиқ биолабораториялар, жумладан, Украинадаги объектлар устидан тергов ўтказади. Бу ҳақда New York Post нашри Миллий разведка бошқармаси (DNI) раҳбари Тулси Габбарднинг баёнотига таяниб хабар берди. Маълумотларга кўра, Украина ҳудудида текширув остига олинган 40 дан ортиқ лаборатория жойлашган.
«[Идора ходимлари] ушбу лабораториялар қаерда жойлашганлигини, уларда қандай патогенлар сақланаётганини ва у ерда айнан қандай «тадқиқотлар» олиб борилаётганини аниқлайдилар», — деди Габбард.
Шунингдек, у АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден маъмуриятини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг аввалги раҳбарияти вакиллари АҚШ томонидан молиялаштириладиган биолабораториялар мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни яширган. Миллий разведка раҳбари ушбу терговдан мақсад — идора баҳосига кўра глобал хавфсизлик ва фаровонлик учун таҳдид солиши мумкин бўлган тадқиқотларни тўхтатиш эканлигини таъкидлади.