АҚШ Марказий Қўмондонлиги (CENTCOM) Эрон жанубидаги Сирик шаҳридаги тўй ўтказиладиган жойга қилинган ҳужумнинг ҳолатларини текширмоқда.
Бу ҳақда NBC News АҚШ расмийсига таяниб хабар бермоқда.
АҚШ ҳарбийлари ҳали воқеа ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмаслиги ва вазиятни таҳлил қилиш ниятида эканлигини айтди.
"Биз тўғридан-тўғри воқеа жойида эмасмиз, шунинг учун мутахассисларимизга таҳлил ўтказишга рухсат беришимиз керак. Албатта, биз буни ўрганяпмиз, чунки нима бўлганини билмаймиз", деди расмий.
Қурол-яроғ тадқиқотлари хизматлари (ARES) мутахассиси каналга ҳужумда АҚШнинг аниқ бошқариладиган қуроллари ишлатилган бўлиши мумкинлигига ишонишини айтди.
Аввалроқ CENTCOM Эрон ичидаги нишонларга бир қатор зарбалар берганини эълон қилган эди. Press TV хабарига кўра, портлашлар мамлакатнинг жанубий қирғоғида, жумладан, Қешм оролида ва бир нечта шаҳарларда содир бўлган.
Эрон Қизил Ярим Ой расмийси Fars ахборот агентлигига Сирикдаги тўй ўтказиладиган жойга қилинган ҳужумда беш киши ҳалок бўлганини ва камида 68 киши яраланганини айтди.