АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Кубани терроризмга ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатидан чиқаришни режалаштирмоқда.
Бу ҳақда Америка маъмурияти вакиллари хабар берди.
Уларнинг маълумотларига кўра, Америка расмийлари тегишли эълонни 14 январь куни бериши мумкин. Шу билан бирга, агентликнинг таъкидлашича, Куба АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг инаугурациясидан сўнг кейинги ҳафтадаёқ юқорида қайд этилган рўйхатга қайтиши мумкин, чунки АҚШ Давлат котиби лавозимига номзод Марко Рубио орол давлатига қарши чеклов чораларининг қизғин тарафдори.
Америка Қўшма Штатлари оролдаги Америка мулкининг миллийлаштирилишига жавобан 1961 йилда Куба билан дипломатик алоқаларни узди ва кейинчалик савдо-иқтисодий эмбарго эълон қилди. 2014 йил декабрида АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Барак Обама Вашингтоннинг Гаванага нисбатан аввалги сиёсати иш бермаётганини тан олди ва икки томонлама алоқаларни нормаллаштириш ва санксияларни юмшатиш бўйича ҳаракатларни эълон қилди. 2015 йилда Обама маъмурияти Кубани АҚШнинг терроризм ҳомийлари давлатлари рўйхатидан чиқаришини эълон қилган эди.
Икки давлат ўртасидаги яқинлашув республикачи Дональд Трамп 2017 йил январида президентликка келганидан сўнг тўхтатилган эди. У ватандошларнинг республикага саёҳат қилиш қоидаларини қаттиқлаштирди ва Куба ҳарбийлари назорати остидаги ташкилотлар билан бизнес юритишни тақиқлади. Трамп маъмурияти, шунингдек, Кубани терроризмга ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатига қайта киритди. Байден маъмурияти Кубага нисбатан сиёсатини қайта кўриб чиқишни айтди, бироқ бу мамлакатни рўйхатдан ўчиргани йўқ.