АҚШ Конгрессида Россия нефтини ҳар қандай шаклда сотиб олишни тақиқлашга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамага киритилади. Бу ҳақда Пенсильвания штатидан сайланган республикачи конгрессмен Брайан Фицпатрик X ижтимоий тармоғида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳужжат «Рональд Рейганнинг “Куч орқали тинчлик” қонуни» деб номланади.
Қонун лойиҳаси парламентдаги discharge petition тартиби орқали Палата ялпи мажлисида муҳокамага олиб чиқилади. Ушбу тартиб қонун лойиҳасини тегишли қўмита ёки спикер тўсқинлик қилаётган тақдирда ҳам, оддий конгресс аъзоларига уни бутун палата овозига қўйиш имконини беради. Бунинг учун камида 218 нафар конгрессменнинг имзоси талаб этилади. Бу Палата аъзоларининг мутлақ кўпчилигини ташкил қилади.
Фицпатрик қонун лойиҳаси «катта овоз фарқи билан» қабул қилинишини кутмоқда. Небраска штатидан сайланган республикачи конгрессмен Дон Бейкон ҳам ҳужжатни қўллаб-қувватлашини билдирган. У АҚШ президенти Дональд Трампнинг Россиядан дизель ёқилғиси сотиб олиш ҳақидаги қарорини танқид қилган.
Аввалроқ, 9 октябрь куни Трамп Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар «жуда муваффақиятли» ўтганини маълум қилган эди. Унинг айтишича, суҳбат давомида Россиядан АҚШ ва жаҳон бозорларига 300 минг тоннадан ортиқ дизель ёқилғиси етказиб бериш бўйича келишувга эришилган.
Шундан сўнг АҚШ Молия вазирлиги Россия дизель ёқилғисига нисбатан санкцияларни 2027 йил 7 апрелга қадар вақтинча тўхтатди.