Бу ҳақда The Economist нашри ўз мулоҳазаларини эълон қилди.
“20 аср бошида Америка бирорта ҳам илмий соҳада етакчилик қилмас эди. Аср охирига келиб эса, у етакчи бўлмаган соҳа қолмади. Американинг муваффақиятлари — унинг иқтисодий қудрати, технологик ва ҳарбий салоҳияти — буларнинг барчаси илмий ютуқлар билан чамбарчас боғлиқ”.
“Америка — жамоавий илмий тадқиқотларга энг йирик молиявий кўмак кўрсатувчи давлат ҳисобланади. Илм-фан йўналишида Нобел мукофотининг ярми америкалик олимларга берилган, шунингдек, дунёдаги энг нуфузли ўнта илмий-тадқиқот университетининг тўрттаси айнан шу мамлакатда жойлашган”.
Аммо “Атиги бир неча ой ичида Трамп маъмурияти минглаб илмий грантларни бекор қилди ва олимларга ажратилиши керак бўлган миллиардлаб доллар маблағларни тўхтатиб қўйди. Дунёнинг энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бўлган Ҳарвард ва Колумбия университетларида олиб борилаётган лойиҳалар кескин тарзда тугатилди. Таклиф этилаётган бюджет чоралари эса АҚШнинг асосий илмий тадқиқотларни молиялаштирувчи агентликларининг маблағларини 50 фоизгача қисқартиришни назарда тутади”.
“Америка узоқ йиллар давомида технологик ва илмий устунлиги туфайли дунёнинг энг иқтидорли мутахассисларини ўзига жалб этиб келган эди. Энди эса, дунёнинг энг зиёлилари бу мамлакатдан чиқиб кетиш йўлини излаётгандек.”
“Жорий йилнинг дастлабки уч ойида хорижда иш излаган америкалик олимлар сони 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 33 фоизга ошган бўлса, Америкага келиш учун ариза топширган хорижлик тадқиқотчилар сони эса 25 фоизга камайган”.