АҚШ ҳукумати "туғруқ туризми" халқаро тармоқларини тугатмоқда. Фуқаролик савдосига чек қўйиш учун фирибгарларнинг визалари бекор қилиняпти.
Бу ҳақда Қўшма Штатлар Давлат департаменти расмий вакили Томми Пиготт маълум қилди.
Маълумот учун, "туғруқ туризми" атамаси чет эллик аёллар фарзанд дунёга келтириш ва гўдак учун АҚШ фуқаролигини олиш мақсадида мамлакатга вақтинчалик визалар билан кириб келган ҳолатларга нисбатан қўлланилади.
"Ноқонуний туғруқ туризми тармоқлари ўн минглаб доллар пул эвазига одамларни виза фирибгарликларига ўргатади ва консуллик ходимларимизни алдайди. Биз ушбу фирибгарлик тармоқлари фаолиятига чек қўйиш учун уларга қарши фаол курашмоқдамиз", — дейди Пиготт.
Fox телеканалига берган интервюсида Томми Пиготт бу каби туристлар АҚШдаги харажатларнинг фақат жуда кам қисмини тўлашини, туғруқ билан боғлиқ тиббий хизматлар учун асосий ҳисоб-китоблар эса америкалик солиқ тўловчилар зиммасига тушишини таъкидлади.